Қадим Хоразмга саёҳат
Жиззахлик бир гуруҳ касаба уюшма фаоллари кўҳна Хоразмга сайёҳат қилиб Урганч ва Хива шаҳарининг диққатга сазовор жойларида бўлди.
Жиззахлик бир гуруҳ касаба уюшма фаоллари кўҳна Хоразмга сайёҳат қилиб Урганч ва Хива шаҳарининг диққатга сазовор жойларида бўлди.
Ушбу саёҳат “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида касаба уюшмалари ташкилотлари вилоят бирлашмаси кенгаши томонидан ташкил этилди. Унда Жиззах шаҳри, Зомин, Зарбдор, Ш.Рашидов, Мирзачўл ва Фориш туманларидаги халқ таълими, соғлиқни сақлаш ишлаб чиқариш ташкилотлари ва муассасалари ходимларидан ҳамда меҳнат фахрийларидан иборат бўлган 54 нафар касаба уюшмалари фаоллари иштирок этди.
Саёҳатчилар кўҳна Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” мажмуаси ва бошқа тарихий обидалар билан танишишди. Иккинчи куни Урганч шаҳридаги “Охун бобо” масжиди, буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди мажмуаси ва Урганч туманидаги “Улли ҳовли” қалъаси ҳамда шаҳардаги диққатга сазовор жойларда бўлишди.
– Ўзбекистон касаба уюшмалари ташкилотлари федерацияси “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлар ташкил этилганидан миннатдормиз, – дейди саёҳатчилар гуруҳи раҳбари, таълим, фан ва маданият ходимларининг касаба уюшмаси Зомин тумани кенгаши раиси Диёр Фозилов. – Карантин талаблари ва санитария талабларига қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилган ушбу саёҳат жуда кўнгилли ўтди. Саёҳат давомида қадим Хоразмнинг тарихий жойлари, бугунги замонавий жамолини томоша қилиб завқландик, кўплаб янги маълумотга эга бўлдик. Энг муҳими мириқиб ҳордиқ чиқардик.
Вилоятда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида ички туризмни ривожлантириш жадвали ишлаб чиқилган. Хоразм сафари ушбу жадвал асосида касаба уюшмалар ташкилотлари бирлашмаси вилоят кенгаши томонидан мамлакатимиз тарихий шаҳарларига ташкил этилган саёҳатларнинг учинчиси бўлди.

