Адабиёт ва санъат улуғланган юртнинг истиқболи порлоқ бўлади
Маданият ва санъат доим алоҳида қўллаб-қувватлашга, рағбатга эҳтиёж сезади.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 1 июнь куни Ўзбекистон маданият ва санъат намояндалари билан ўтказган учрашуви соҳа вакилларининг заҳматли ва фидокорона меҳнатини эътироф этиш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, кўнглини кўтариш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини яна бир карра кўрсатди.
Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда мақом, бахшилик, миллий мумтоз мусиқа, опера, хореография, тасвирий ва амалий санъат, адабиёт ривожи бўйича мисли кўрилмаган ташаббуслар илгари сурилди.
Ижод аҳлининг тўлақонли ва самарали меҳнат қилиши йўлида зарур барча шароит ва имкониятлар яратилди. Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузурида Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати Олий мактаби, Ўзбекистон давлат хореография академияси ва бошқа кўплаб санъат ва маданият йўлидаги олий ўқув даргоҳларининг фаолияти йўлга қўйилди.
Соҳа вакилларининг меҳнатини эъзозлаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш йўлида янгидан-янги ташаббуслар, муҳим стратегик лойиҳалар илгари сурилмоқда.
Халқимизнинг бой тарихи, қаҳрамонлик тимсоллари ва маданий меросини кино, театр ва тасвирий санъат орқали кенг тарғиб қилишга қаратилган кенг кўламли янги ташаббус – “Тирик тарих” лойиҳаси амалиётга фаол жорий этилмоқда.
Халқаро мақом санъати анжумани, Халқаро бахшичилик санъати фестивали ҳамда Марғилонда «Атлас байрами» каби йирик тадбирлар анъанавий тарзда йўлга қўйилди.
Маданий мерос объектлари реновацияси бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Мамлакатдаги музейлар ва тарихий обидаларни халқаро стандартлар асосида модернизация қилиш бўйича ягона дастур ишга туширилди.
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилиши мамлакатимиз маданий ҳаётида алоҳида воқелик бўлди. Ушбу жамғарма қисқа вақт ичида Лувр (Франция) ва Берлин (Германия) каби дунёнинг энг йирик музейларида Ўзбекистон маданий мероси кўргазмаларини муваффақиятли ташкил этди.
“Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисда”ги қонун қабул қилинди. Бу соҳа тарихида илк бор санъат ва маданият ходимларининг ҳуқуқий мақоми ва фаолиятини кафолатловчи яхлит ҳужжат бўлди.
Юртимизда маданият марказлари трансформациясига катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида жойлардаги маданият марказлари фаолияти замон талабларига мослаштирилиб, уларда номоддий маданий меросни сақлаш ва ҳаваскорлик санъатини ривожлантиришнинг янги тизими жорий этилди.
Соҳа ривожида “Устоз-шогирд” анъанасини юксак поғонага олиб чиқиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Таниқли санъат намояндалари ёш истеъдодларга бириктирилиб, уларнинг катта саҳнага чиқиши учун мақсадли тизим яратилди. Ёшларнинг стартап ва креатив лойиҳалари учун йирик миқдорда молиявий маблағлар ажратилмоқда.
Санъат йўналишида арт-менежмент жорий этилиши бўйича муҳим қадамлар қўйилди. Жумладан, маданият муассасаларида бозор иқтисодиёти тамойилларини қўллаш учун таълим дастурларига арт-менежмент ва креатив индустрия фанлари киритилгани соҳа таълими йўлидаги муҳим янгиликлардан бири бўлди.
Ижод ва истеъдод доим рағбат ва эътибордан куч-қувват олади. Маданият ва санъат соҳаси вакилларини ҳар йили тақдирлаш мақсадида махсус Миллий мукофотнинг таъсис этилгани ижодкорларни янги марралар сари руҳлантирмоқда. Маданият ва санъат ходимларининг иш ҳақлари босқичма-босқич оширилди, унвон ва давлат мукофотлари билан тақдирлаш кўлами сезиларли даражада кенгайтирилди.
Албатта, ҳаёт бор экан, ўзига яраша муаммолар пайдо бўлиши ҳам табиий. Президентимизнинг жорий йил 1 июнь куни маданият ва санъат намояндалари билан учрашуви бу шунчаки тасодифий мулоқот эмас, албатта. Зеро, бундан аввал ҳам давлатимиз раҳбари ижод аҳли билан учрашиб, уларнинг дарду ташвишлари, муаммоларини ўргангани, камчиликларни бартараф этиш борасида жон куйдиргани юртимизда маънавият равнақига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганини яна бир бор намоён этади.
Мулоқот олдидан маданият соҳасидаги мавжуд муаммолар изчил ва чуқур ўрганилди, ижодкорлар, маданий-маърифий муассасалар вакилларини ўйлантираётган долзарб масалалар атрофлича таҳлил этилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан учрашув давомида илгари сурилган ташаббуслар адабиёт, маданият, санъат ва креатив иқтисодиётда янги муҳит яратиш имконини бериши билан аҳамиятли. Ижод аҳлини рағбатлантириш ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Санъатнинг турли йўналишлари, жами 21 та йўналиш бўйича ижодий бирлашмалар ташкил этилади. Бу тузилмалар мусиқа мактаблари ва бадиий жамоалар билан ишлаб, ёш истеъдодларни аниқлаш, маҳалла – туман – вилоят – республика босқичларида танловлар ўтказиш, ғолибларни гастроль сафарлари, фестиваллар ва халқаро танловларда қўллаб-қувватлашга эътибор қаратади.
Ҳар йили “Ижодкорлар қурултойи” ўтказилиб, унда энг самарали ва фаол меҳнат қилган ижодкорлар тақдирланади. Ёш истеъдодлар ва уларнинг устозларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам муҳим чоралар белгиланди. Улар ижодкорларни рағбатлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиши аниқ.
Йилига 100 нафар ёш давлат ҳисобидан хорижий маданият ва санъат муассасаларида таълим олишга юборилади. Ёш истеъдодларни аниқлаш, продюсерлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ижодга инвестиция” жамғармаси ташкил этилади. Муаллифлик ҳуқуқини кафолатли ҳимоя қиладиган алоҳида тизим яратилади. Ушбу тизим бадиий асар, мусиқа ва қўшиқ муаллифларининг ҳуқуқларини муҳофазалашда янги имкониятларни очиши шубҳасиз.
Мулоқот давомида ижод аҳлини фаол қўллаб-қувватлаш, кучли ижтимоий ҳимоялаш, саломатлигини мустаҳкамлаш ва бошқа қўшимча имтиёзлар яратиш бўйича кўплаб амалий таклиф-ташаббуслар илгари сурилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ижод, санъат ва маданият, адабиётнинг равнақи давлатимиз, жамиятимизнинг доимий эътиборида эканининг амалдаги ёрқин намунаси.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири