Адабиёт, нафосат кечаси
Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган “Назм ва наво” кечаси бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган “Назм ва наво” кечаси бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирга ёши улуғ ҳамюртларимиз, маънавият тарғиботчилари, адабиёт мухлислари, хорижлик меҳмонлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, “Мақом” миллий маркази бош директори Сойибжон Бегматов мамлакатимизда буюк мутафаккир боболаримиз меросини ўрганиш, миллий мусиқа, рақс, таълим-тарбияни ривожлантириш йўлида улкан ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Зеро, бу йўналишдаги эзгу саъй-ҳаракатлар Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларида улуғланган инсонпарварлик, юртпарварлик, фидойилик ғояларига ҳамоҳанг экани билан аҳамиятлидир.
Айни пайтда Навоий ва Бобур фозил ва ҳунармандларга, илм-фан, маданият ва санъат аҳлига ҳомийлик ва ғамхўрлик қилишда тенгсиз ижодкор эдилар. Жаҳондаги кўплаб қаламкашлар буюк даҳо шоирларимиз ижодидан баҳраманд бўлган, илҳомланган.

...Қадим, ҳам дилга яқин наволар янграйди. Навоий ва Бобур ғазаллари билан куйланувчи қўшиқлар қалбга ҳузур, сокинлик, завқ бағишлайди. Залдаги улкан мониторда миллий осори атиқаларимиз, нодир қўлёзмалардан намуналар, бетакрор меъморий обидалар намойиши кечага янада жонли руҳ бағишлайди.
Нафосат, шеърият, адабиёт, мусиқа байрамига айланган кеча мухлисларга манзур бўлди.
