АДАБИЙ КЎПРИК: ВАТАН, ТУРОН ВА ҚАРДОШЛИК ТАРАННУМИ
Дунё харитасида шундай халқлар борки, уларни нафақат жуғрофий чегаралар, балки азалий илдизлар, ягона тарих, тил ва маънавий қадриятлар мустаҳкам боғлаб туради. Ўзбек ва озарбайжон халқлари ана шундай қондош ва қардош эллардир. Навоий ва Низомий, Бобур ва Фузулий нафаси билан суғорилган бу маънавий замин бугунги даврда янгича суръат ва мазмун билан бойиб бормоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик нафақат сиёсий ва иқтисодий соҳаларда, балки илмий-маърифий, маданий ва адабий йўналишларда ҳам юксак чўққига кўтарилди. Кутубхоначилик ва китоб айирбошлаш, қўшма илмий анжуманлар, санъат фестиваллари ва таржимашунослик соҳасидаги кенг кўламли ҳамкорлик бунинг ёрқин исботидир.
Мазкур адабий-маданий алоқаларнинг ривожланишида, шубҳасиз, икки элнинг маърифатпарвар зиёлилари ва ижодкорларининг ўрни беқиёс. Ана шундай фидойи ва бетакрор ижодкорлардан бири — озарбайжонлик таниқли шоира, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Туркия Ёзувчилар уюшмалари аъзоси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Туркия Фанлар академиясининг фахрий профессори Хураман хоним Муродовадир. Унинг серқирра ижоди ва жамоатчилик фаолияти туркий бирдамлик, мустақиллик ва ватанпарварлик ғояларини тарғиб этишга қаратилгани билан ажралиб туради.
Хураман Муродованинг ижодий фаолияти икки қардош мамлакат ўртасидаги адабий муҳитни жунбушга келтиришда ва маънавий кўприкларни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шоиранинг ўзбек ўқувчиларига бағишланган “Ватан ишқи — Турон севгиси” номли шеърий тўплами ушбу дўстлик ва ижодий ҳамкорликнинг амалий ҳосилидир. Таниқли таржимон Карим Баҳриев томонидан маҳорат билан ўзбек тилига ўгирилган ва филология фанлари доктори Гулбаҳор Ашурова сўзбоши ёзган ушбу манзумалар тўпламида Ватанга садоқат, миллат шаъни, тинчлик, туркий бирдамлик ва азалий муҳаббат мавзулари юксак маҳорат билан тараннум этилган.
[gallery-30987]
Озарбайжонлик шоиранинг юртимизга уюштирган ташрифлари ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда олий ўқув юртларида ўтказилган ижодий учрашувлари адабий жамоатчиликда катта акс-садо берди. Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази, Фузулий илмий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари ҳамда олимлар иштирок этган тадбирлар шуни кўрсатдики, Хураман Муродованинг шеърияти ўзбек китобхони қалбига жуда яқин ва қадрлидир. Шоиранинг ўзи эътироф этганидек, у ҳали Ўзбекистонга келмасдан туриб ҳам ўз қалбида бу қадимий, сирли ва табаррук диёрга нисбатан чуқур муҳаббат туйган ва ижодида ўзбек халқига бағишлаб ўнлаб самимий шеърлар битган.
Бугунги кунда ҳам Хураман хоним Муродованинг янги ижод намуналари моҳир олим ва таржимон Зуҳриддин Исомиддинов томонидан ўзбек тилига ўгирилмоқда. Бу эса ижодий мулоқотнинг бардавомлигини, адабий алоқалар изчил ва тизимли равишда юксалиб бораётганини англатади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Хураман Муродова ижоди — шунчаки шеърият эмас, балки туркий дунёнинг маънавий бирлигини, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги абадий дўстлик ва қардошликни тараннум этувчи ўзига хос маданий феномендир. Маданий ва илмий соҳадаги бу каби самимий мулоқотлар икки халқни бир-бирига янада яқинлаштиришга, тарихий ва маънавий илдизларимизни асраб-авайлашга ҳамда келажак авлодларга безавол етказишга хизмат қилаверади.
Гулбаҳор Ашурова,
филология фанлари доктори, профессор,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети
Муҳаммад Фузулий номидаги илмий — тадқиқот маркази раҳбари