Адабий дўстликни куйлаган ижодкор ёди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Республика тожик миллий маданий маркази томонидан зуллисонайн – икки тилда ижод қилган тожик шоири Жонибек Қувноқ таваллудининг 80 йиллигига бағишланган маданий - маърифий тадбир ва шеърхонлик танлови ташкил этилди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Тадбир доирасида тожик миллий маданият маркази томонидан ташкил қилинган китоблар кўргазмаси меҳмонлар диққатига ҳавола этилди.

Тадбирда қўмита раиси Рустамбек Қурбонов икки тилда қалам тебратган Жонибек Қувноқ ижоди халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарини боғлашда муҳим аҳамият касб этганини таъкидлади. Ўзбекистонда барча қардош халқларнинг шоир ва ёзувчилари, давлат ва жамоат арбобларига катта ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиши, таниқли адибларнинг шонли саналари кенг нишонланишида яратилган имкониятлар хусусида сўз юритди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўпмиллатли оила туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар янги поғонага чиққани қайд этилди.

Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода ўз нутқида Ўзбекистонда миллий маданий марказларга кўрсатиб келаётган амалий ёрдами учун қўмита раҳбариятига ўз миннатдорчилигини изхор этиб, Жонибек Қувноқ шеърияти ва унинг икки халқнинг дўстлик ришталарини боғлашдаги ўрни хусусида фикр юритди.

Тадбирда сўзга чиққан иштирокчилар томонидан Жонибек Қувноқ ҳаёти ва ижодига бағишланган маърузалар ўқилиб, таклиф ҳамда мулоҳазалар билдирилди. Таъкидланганидек, ўзбек ва тожик халқлари қадим замонлардан ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликда яшаб, ўз маданиятларини ўзаро бойитиб келмоқдалар.

Анжуман якунида шоир қаламига мансуб шеърлар асосида куйланган қўшиқлар адабий тадбирга янада кўтаринки кайфият бахш этди. Бухоро вилоятидан келган “Офтоби суғдиён” ансамблининг чиқишлари томошабинларга манзур бўлди. Шеърхонликда фаол иштирок этганлар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.
Н.Усмонова,
ЎзА