ACCA билан ҳамкорликда молиявий ҳисобот тизими янада такомиллаштирилади
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Халқаро сертификатланган дипломли бухгалтерлар ассоциацияси – ACCA (Буюк Британия) ўртасида молиявий ҳисобот ва бухгалтерия соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича янгиланган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ушбу келишув мамлакатда молиявий ҳисобот тизимини халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (МҲХС) асосида янада ривожлантиришни кўзда тутувчи Президентимизнинг 2025 йил 15 сентябрдаги 282-сонли қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
ACCA молия ва бухгалтерия соҳасида дунё бўйлаб эътироф этилган йирик халқаро ташкилотлардан бири ҳисобланиб, 180 дан ортиқ давлатда фаолият юритади ҳамда юз минглаб мутахассислар ва талабаларни бирлаштиради.
Янгиланган ҳамкорлик доирасида томонлар МҲХС талабларига мос замонавий кадрлар тайёрлаш, ўқитувчилар ва амалиётчи мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш, олий таълим дастурларини ACCA стандартлари билан уйғунлаштириш ҳамда халқаро аккредитациядан ўтказиш, аудит сифатини назорат қилиш механизмларини такомиллаштириш, барқарорлик (sustainability) бўйича ҳисобот бериш амалиётини жорий этиш ва бу йўналишда компетенцияларни кучайтириш, давлат хизматчилари учун махсус ўқув дастурларини йўлга қўяди.
Аввалги ҳамкорлик натижаларига кўра, 2020-2025 йиллар давомида 4200 нафардан ортиқ номзоднинг ўқиш ва имтиҳон харажатлари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилган. Шунингдек, 20 дан ортиқ ўқув маркази халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтган. Ҳозирги кунда мамлакатда 2337 нафарга яқин мутахассис ACCA тизими доирасида турли даражадаги сертификатларга эга. Улар орасида 123 нафар тўлиқ аъзо, 618 нафар DipIFR сертификати эгаси, 1157 нафар “МҲХС бўйича молиявий ҳисобот (FR)” йўналишини муваффақиятли якунлаган ҳамда 439 нафар “Аудит ва ишонч билдириш хизматлари (AA)” фанларидан сертификат олган номзодлар мавжуд.
Томонлар ушбу ҳамкорлик мамлакатда молиявий ҳисобот ва аудит тизимини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, юқори малакали кадрлар тайёрлашни кенгайтириш ҳамда иқтисодиётнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА