Абдулла Қодирий – эл суйган адиб
Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университетининг 50 йиллиги тантаналари доирасида улуғ адиб Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди тўғрисида маънавий-марифий тадбир ташкил этилди.
Ўзбек романчилигининг асосчиси, ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли адиб Абдулла Қодирий таваллудининг 130 йиллиги, Жиззах давлат педагогика университети ташкил топганлигининг 50 йиллиги муносабати билан ташкил этилган қизиқарли ва кўтаринки руҳда ўтган ушбу тадбирда университет жамоаси ва талаба-ёшлардан ташқари, маҳаллий шоир, ёзувчи, журналистлар, маданият, санъат ҳамда адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.
Тадбир қатнашчилари Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий уй музейи директори, адибнинг набираси Хондамир Қодирийнинг бобоси ва Қодирийнинг оила аъзолари билан боғлиқ энг гўзал ва аччиқ хотиралари тўғрисидаги ҳаётий ҳикояларини ҳаяжон билан тинглаб, гулдурос қарсаклар билан олқишлади.
Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилованинг “Ўтган кунлар” бадиий фильмининг яратилиш тарихи, ўша даврдаги дуч келинган муаммолар, собиқ иттифоқ бадиий кенгаши томонидан кесиб ташланган бир қатор сюжетлар ҳақидаги ҳикояларини йиғилганлар жон қулоғи билан тинглганларини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.
[gallery-19418]
Ушбу тадбирга таклиф этилган маҳаллий ёзувчи, шоир ва адабиётшунос олимлар йиғилганларга адиб ҳаёти ва фаолиятига ҳамда асарларига оид қизиқарли тарихий воқеалар ва маълумотлар ҳақида атрофлича сўзлаб берди.
– Бундан 86 йил муқаддам миллатимизнинг бир қатор фидойи, маърифатпарвар, улкан истеъдод соҳиблари, Ватан, эл-юрт равнақи, озодлиги тарафдорлари, қалби ва онги уйғоқ, тафаккур тараққиётига чанқоқ жадидлар шафқатсизларча қатл этилганини тарихдан яхши биламиз, – дейди университетнинг ёшлар масалалари, маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Сарвар Назарқосимов. – 1938 йил 4 октябр куни Абдулла Қодирий кўплаб юрт зиёлилари қаторида йўқ айби учун миллатпарастликда айбланиб, отувга ҳукм қилинган. Бугунги ўтказилган тадбирда ўзбек адабиётининг йирик намоёндаларидан бири Абдулла Қодирийнинг ҳаёти ва ижоди алоҳида ёдга олинди. Адиб ўзининг ўлмас асарларида яратган образлар миллатнинг тимсолига айланганини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ишончим комилки, университетимиз талаба-ёшлари орасидан ҳам кўплаб Отабек ва Кумушлар, Анвар ва Раънолар етишиб чиқади ва улар эртанги кун яратувчилари, фидойилари, бунёдкор қаҳрамонларига айланади.
Университетнинг 50 йиллик тантаналари доирасида ўтказилган маънавий-маърифий хотира тадбирида ёзувчининг дурдона асарларидан парчалар, шу асарлар асосида яратилган фильмларда асосий ролларни ижро этган актёрлар томонидан монологлар ўқиб берилди.
Тантанали тадбирга университет талабалар театр студияси жамоасининг адибнинг асарлари асосида тайёрлаган саҳна кўринишлари ҳамда олий ўқув юрти қошидаги Эсон Лутфуллаев номидаги мақомчи талабалар ансамблининг мусиқий чиқишлари якун ясади.
Куннинг иккинчи ярмида университет қошидаги “Қатағон қурбонлари”, Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов ҳамда Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним музейларига саёҳат уюштирилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари