Абадиятга дахлдорлик
Дарҳақиқат, устозлар, ўқитувчи ва мураббийларнинг етук кадрлар камолотида, миллат келажагини бунёд этишдаги ўрни беқиёс.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Бир донишмандга “Нега устозингизни ўз отангиздай эъзозлайсиз?”, - дея савол беришганида, у “Отам, яратган изни билан мени дунёга келтирган бўлса, устозим мени юксалиб, осмон қадар бўй чўзишимга, ўсиб, камолотга етишимга сабабчидир”, деб жавоб берган экан.
Дарҳақиқат, устозлар, ўқитувчи ва мураббийларнинг етук кадрлар камолотида, миллат келажагини бунёд этишдаги ўрни беқиёс.
Ҳасанбой муаллимнинг нафақага чиққанига 10 йилдан ошди. Маҳалладагилар уни ҳали ҳам “Ҳасанбой домла” деб чақиришади. Фаолияти давомида юзлаб ўқувчиларни ўқитиб, кўплаб ўқитувчиларга устозлик қилган фахрий муаллим асли педагоглар сулоласидан. Қизиғи, унинг фамилияси ҳам Домлажонов. Дадаси Домлажон ака ҳам, онаси Ибохон ая ҳам бутун умр ўқитувчиликнинг нонини еб, касбини ардоқлаб ўтишди, фарзандлари ота касбини эгаллашлари учун бор имкониятларини аямади.
Андижон вилояти Хонобод шаҳрида туғилиб ўсган Ҳасанбой Домлажонов Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факультетини тамомлаган. Педагогик фаолиятини Хонободдаги 1-, 36-умумтаълим мактабларида она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида бошлади. 1977 йилдан то 2009 йилгача ўзи ўқиган 2-умумтаълим мактабида ўқувчиларга дарс берди.
Фаолияти давомида шаҳар, вилоят, республика фан олимпиадаларига ўқувчиларни тайёрлаб, юксак натижаларга эришди. Халқ таълими тизимида "устоз-шогирд" анъаналарига содиқ қолиб, ўнлаб ўқувчиларига педагоглик сирларини ўргатди.
Домланинг халқ таълими ривожи йўлидаги меҳнатлари зое кетмади. 1993 йили у “Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси” кўкрак нишони, 1997 йилда эса Ватанимизнинг юксак мукофоти – “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
–Ҳаёт йўлим ўқитувчилик билан боғланганидан, “домла”, деган шарафли номга сазовор бўлганимдан жуда хурсандман, - дейди Ҳасанбой Домлажонов. – Шогирдларим, айрим собиқ ўқувчиларим билан ҳозир ҳам борди-келди ришталаримиз узилмаган. Кўришиб турамиз, байрамларда йўқлаб келишади.
Домла ўзидаги бор билимини ҳамон шогирдлари орқали келажак авлодларга етказиб келмоқда. Абадиятга дахлдорлик дегани, балки шудир, аслида?
