Аҳолини рўйхатга олиш нега керак?
Аҳолини рўйхатга олиш расмий статистика тизимидаги асосий роль ўйнайдиган муҳим кўрсатгич ҳисобланади. Бунда аҳоли сони бўйича аниқ ва ишончли маълумот олиш имкони пайдо бўлади.
Аҳолини рўйхатга олиш расмий статистика тизимидаги асосий роль ўйнайдиган муҳим кўрсатгич ҳисобланади. Бунда аҳоли сони бўйича аниқ ва ишончли маълумот олиш имкони пайдо бўлади. Шу билан бирга аввалги рўйхатга олишдан сўнг ўтган даврда рўй берган барча демографик ўзгаришларни аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти даражаси, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа ижтимоий ва иқтисодий хусусиятлари бўйича ҳам аниқ, тугал маълумот яратилади.
Манбаларда келтирилишича, Ўзбекистон ҳудудида дастлабки аҳоли рўйхати 1897 йилда ўтказилган бўлиб, ушбу рўйхат маълумотлари XIX аср охирида Ўзбекистонда мавжуд оилалар сони, аҳоли сони, ёши ва жинси, этник таркиби, туғилиш, ўлим каби демографик жараёнлар ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам берган. Ўзбекистон ҳудудида кейинчалик 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ташкил этилган.
Бироқ, бугунги кунгача юртимизда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш тамойиллари, ташкилий услубларини аниқлаш, қайта ишлаш, умумлаштириш, натижаларидан фойдаланиш ва тарқатиш, аҳолини рўйхатга олиш субъектлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш юзасидан ҳуқуқий асос яратилмаган.
Халқаро тавсияларга кўра, аҳолини рўйхатга олишни марказлаштириш, рўйхатга олишнинг мунтазамлиги, махсус тайёрланган мутахассислар – ҳисобчилар томонидан ўтказилиши, аниқ бир муддатда ўтказиш, белгилаб қўйилган аниқ дастурининг мавжудлиги ва тадбирни унга қатъий риоя қилган ҳолда ўтказиш, аҳолининг тўлиқ қамраб олиниши, маълумотларнинг махфийлиги ва шахсийлаштирилиши, ихтиёрийлик каби тамойилларга асосланади.
Шу боис ҳам парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида соҳадаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишдаги муҳокамаси депутатларнинг қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 18 октябрдаги мажлисида депутатлар томонидан концептуал маъқулланган эди.
Шундан кейин, мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш устида қатор ишлар олиб борилди. Жумладан, биринчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган таклиф-мулоҳазалар инобатга олиниб, қонун лойиҳаси такомилига етказилди. Лойиҳага ўзгартириш, қўшимчалар ва таҳририй тузатишлар киритилди.
Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасида аҳолини рўйхатга олиш ҳужжатларини яратиш, тасдиқлаш, сақлаш, аҳоли тўғрисидаги шахсий маълумотларни йиғиш тартибини аниқлаш, рўйхатга олиш натижаларини шакллантириш ҳамда уларни тарқатиш каби муҳим жиҳатлар ўз аксини топганини алоҳида қайд этди. Умуман, аҳолини рўйхатга олишни қонун йўли билан тартибга солишдан мақсад демографик, ижтимоий-иқтисодий статистик маълумотларни шакллантириш ва келгусида улардан миллий, минтақавий ҳамда халқаро миқёсда фойдаланиш имконини яратишдан иборатдир.
“Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши халқаро стандартларга жавоб берадиган мослашувчан ва ошкора ҳуқуқий базанинг яратилиши, соҳадаги муносабатларни ҳар томонлама тартибга солишни таъминлайди. Ундан ташқари, аҳолини рўйхатга олиш даврлари оралиғида аҳоли сони ва таркибининг жорий ҳисобини юритиш, аҳоли сонининг ҳисоби ва прогнозларини амалга ошириш учун статистик базани яратиш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий муаммолар бўйича илмий тадқиқотларни амалга оширишда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.
Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.