Аҳоли бандлиги устувор вазифа
Сурхондарё вилоятининг Олтинсой ва Қизириқ туманларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчилари ва хотин-қизларнинг банк хизматларидан фойдаланишини янада кенгайтириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Сурхондарё вилоятининг Олтинсой ва Қизириқ туманларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчилари ва хотин-қизларнинг банк хизматларидан фойдаланишини янада кенгайтириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.Президентимизнинг 2010 йил 28 июлдаги “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва “Адолат” социал-демократик партияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани касб-ҳунар коллежи битирувчилари ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
“Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки Сурхондарё вилояти филиали жорий йилнинг ўтган даврида юзга яқин тадбиркор аёлнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга 3 миллиард 708 миллион сўмдан ортиқ кредит маблағи ажратди. Натижада 130 дан ортиқ хотин-қиз учун янги иш ўрни яратилди. Касб-ҳунар коллежларининг ўз бизнесини бошлаётган 74 нафар битирувчисига 1 миллиард 697 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилгани юзга яқин ёшлар бандлигини таъминлаш имконини берди.
“Адолат” социал-демократик партиясининг сайловолди дастурида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуни бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.
Семинарларда касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, жамиятда хотин-қизларнинг мавқеини юксалтириш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг муҳим жиҳатлари хусусида сўз юритилди.
Тадбирлар якунида энг яхши инновацион лойиҳаларни тақдим этган бир гуруҳ тадбиркор аёллар ва касб-ҳунар коллежи битирувчиларига тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
– Замонавий таълим муассасасида тикувчилик-бичувчилик сирларини пухта ўргандим, – дейди Олтинсой маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Маҳлиё Менгтўраева. – Энди хусусий корхона ташкил этиб, маҳалламизда тикувчилик цехи очмоқчиман. Ана шу мақсадда тайёрлаган бизнес лойиҳам учун 5 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга бўлдим. Биз, ёшларга яратиб берилаётган бундай имкониятлар учун Президентимиздан миннатдормиз.