Ҳақиқатни қоғоздан яширолмаган адиб
Миразиз Аъзам серқирра ижодкор.
Замонавий ўзбек адабиётининг ёрқин вакилларидан бири Миразиз Аъзамнинг “Металлург”, “Ақлли болалар” , “Сенга нима бўлди”, “Ер айланади” , “Ерга довруқ соламиз”, “Бир чўнтак ёнғоқ” каби бир қатор шеърий тўпламлари чоп этилган.
Миразиз Аъзам серқирра ижодкор. У турк, рус, немис тилидаги ўнлаб асарларни ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Миразиз Аъзамнинг “Хотиралар” номли навбатдаги китоби тақдимоти ўтказилди.
Ёзувчи-шоирлар, адабиётшунослар, ёш ижодкорлар ва талабалар иштирокидаги тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Иброҳим Ғофуров, адабиётшунос олимлар Қозоқбой Йўлдошев, Сувон Мели, шоирлар Сирожиддин Рауф, Ғайрат Мажид ва бошқалар адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида гапирди. Тақдимоти ўтказилаётган китоб ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
Тадбирда Миразиз Аъзам асарларининг салмоғи, таржималарининг такрорланмаслиги ва шеъриятининг нафислиги ҳақида кўплаб далиллар келтирилди. Айниқса, Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Мукошафат ул-қулуб” асарини турк тилидан ўзбек тилига “Қалблар кашфиёти” номи остида маҳорат билан таржима қилгани алоҳида қайд этилди.
–Ҳақиқатни ёзиш қийин эмас, уни эълон қилиш қийин, –деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Шукур Қурбон. – Миразиз Аъзам ҳақиқатпарвар, ростгўй инсон. Бу унинг ижодида ҳам ёрқин исботини топган. Адиб айримларга ўхшаб иккиюзламачи бўлмагани учун ҳам ёзганларидан уялмайди. Аксинча, ёзиб уялтиради. “Хотиралар” китобида ҳам биз билиб билмасликка олиб юрган ҳақиқатлар, ишониш қийин бўлган рост воқеликлар кўп.
“Хотиралар” китоби “Муҳаррир” нашриётида чоп этилган бўлиб, унда адибнинг устозлари, ижодкор дўстлари, замондош рассомлар, адабиётшунос олим ва ёзувчилар, шоирлар, моҳир таржимонлар ҳақидаги ҳаётий ва таъсирли чизгилари жой олган.
Тадбир сўнгида Миразиз Аъзам ижод йўли ҳақида гапирди. Иштирокчиларга муаллиф дастхати туширилган китоб тақдим этилди.