А-379 йўлида автоҳалокатлар олдини олиш чора-тадбирлари кўрилади
Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда комиссия раиси Назира Тоғаева бошчилигида комиссия аъзолари ва эксперт гуруҳи иштирок этди.
Эшитувда ИИБ ЖХХ ЙҲХБ масъул ходими Муродилло Жўраевнинг “Навоий-Учқудуқ” халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлининг белгиланган оралиқларида тезликни чеклаш масаласи юзасидан ахбороти тингланди.

Ушбу автомобиль йўлининг узунлиги 289 километрни ташкил этиб, Конимех, Томди ва Учқудуқ туманлари ҳамда Зарафшон шаҳрини вилоят маркази билан боғлаб туради.

– Автомобиль йўли 2 та ҳаракатланиш бўлагидан иборат бўлиб, 55 та хавфли бурилиш мавжуд, – дейди М.Жўраев. – Транспорт воситалари аксарият ҳолларда кўриниш чекланган жойларда ва йўлнинг торайган участкаларида қувиб ўтишни амалга ошириш вақтида қарама-қарши йўналишга чиқиб ҳаракатланиши натижасида йўл-транспорт ҳодисасини келтириб чиқармоқда. Жумладан, 2021-2025 йиллар давомида мазкур автомобиль йўлида 217 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, 200 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган. 99 нафар фуқаро эса бевақт оламдан ўтган. Жорий йилнинг 3 ойида эса 13 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, 15 нафар шахс вафот этган.

Юқоридаги маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, вилоят ҳудудидан ўтган “Навоий-Учқудуқ” автомобиль йўлининг 6 та белгиланган оралиқда транспорт воситалари ҳаракати тезлигини 100 км/соатдан 80 км/соатга тушириш таклиф қилинди. Шунингдек, ушбу йўл оралиғида темир йўл орқали йўловчи ташиш ва йўловчи поездлари қатнови сонини кўпайтириш таклифи илгари сурилди.
Масала навбатдаги сессияси кун тартибига киритилиши юзасидан қарор қабул қилинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири