8 та давлат автоспортчилари Тошкентда баҳслашди
Пойтахтимизда 8 та давлатнинг 32 нафар маҳоратли автоспортчилари иштирокида "Uzbekistan Asia Auto Gymkhana Championship 2026" мусобақаси бўлиб ўтди.
Чемпионатнинг ўзига хос жиҳатларидан бири - барча иштирокчилар учун тенг техник шароит яратилди. Яъни, “UzAuto” кўмагида спортчиларга “Chevrolet Onix” автомобиллари тақдим этилди ва айнан ушбу автомобилларда энг яхши натижалар учун кураш кечди.

Бу, бир хил техникада турли даражадаги автоспортчиларнинг ўзаро рақобати бўлиб, унда маҳорат, аниқлик, тезкор реакция, автомобилни ҳис қилиш ва белгиланган масофани имкониятлар чегарасида босиб ўтиш, деганидир.
Муросасиз кечган мусобақаларда Ўзбекистоннинг тўрт нафар вакили саралаш пойгаларининг биринчи босқичига йўл олган бўлса, аёллар дастурида қирғизистонлик Алена Вершинина 59.869 вақт билан чемпионатнинг энг яхши кўрсаткичини қайд этди.

Ўзбекистонлик автопойгачи аёллардан Сабина Юсупова 1 дақиқа 04.180 сония, Саминахон Аҳмаджонова 1 дақиқа 03.000 сония, Маликахон Зайнутдинова 1 дақиқа 17.116 сония, Оксана Глова эса 1 дақиқа 24.823 сония кўрсаткичлар билан автоспортдаги маҳоратини янада оширишга муваффақ бўлди.
Т.Рўзиев,
ЎзА