7 ойда меҳнат билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларда 156 киши ҳалок бўлди
Иш жойидаги хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш оддий талаб эмас, балки инсон ҳаётини асрашнинг муҳим шартидир. 2026 йилнинг дастлабки 7 ойида меҳнат фаолияти билан боғлиқ 529 та бахтсиз ҳодиса қайд этилгани ҳам бу масалага янада жиддий ёндашиш зарурлигини кўрсатмоқда. Энг ачинарлиси, ушбу ҳодисалар оқибатида 146 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган.
Меҳнат жараёнида хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ҳар бир иш берувчи ва ходимнинг энг муҳим вазифаларидан бири. Чунки иш жойидаги оддий эътиборсизлик ҳам инсон ҳаёти ва саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин.
2026 йилнинг дастлабки 7 ойи давомида мамлакатимизда меҳнат фаолияти билан боғлиқ 529 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Уларнинг 24 таси гуруҳий, 372 таси оғир оқибатли, 132 таси эса ўлим билан якунланган.
Ачинарлиси, ушбу бахтсиз ҳодисалар оқибатида 580 нафар фуқаро жабрланган. Шундан 402 нафари оғир, 22 нафари енгил жароҳат олган, 146 нафар инсоннинг ҳаёти эса фожиали тарзда узилган.
Бу рақамлар меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги талабларига амал қилиш масаласи қанчалик долзарб эканини яна бир бор кўрсатади. Айниқса, ишлаб чиқариш, қурилиш, транспорт, энергетика каби юқори хавф мавжуд бўлган соҳаларда хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.
Меҳнатдаги бахтсиз ҳодиса фақат бир ходимнинг жароҳатланиши ёки вафот этиши билан чекланиб қолмайди. Унинг ортида оила тақдири, яқинларининг дарди, фарзандларнинг келажаги ва катта ижтимоий-иқтисодий оқибатлар туради.
Шу билан бирга, бахтсиз ҳодисалар натижасида жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга тегишли тўловларни ундириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2026 йилнинг 7 ойи давомида бахтсиз ҳодисалар оқибатида 11 миллиард 379 миллион сўм миқдорида бир йўла ва ойма-ой тўланадиган зарар пуллари ундириб берилган.
Албатта, етказилган зарарни қоплаш муҳим. Аммо инсон ҳаёти ва саломатлигининг ўрнини ҳеч қандай маблағ билан тўлдириб бўлмайди. Шу боис бахтсиз ҳодиса содир бўлгандан кейин оқибатларни бартараф этишдан кўра, унинг олдини олиш муҳимроқ.
Бунинг учун, аввало, иш берувчилар томонидан ходимлар учун хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитлари яратилиши, иш жойлари мунтазам назорат қилиниши, ходимларга меҳнат муҳофазаси бўйича тушунтириш ва йўриқномалар берилиши, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши зарур.
Ходимларнинг ўзи ҳам хавфсизлик қоидаларига бефарқ қарамаслиги керак. Чунки меҳнат хавфсизлиги — фақат иш берувчининг эмас, балки ҳар бир ходимнинг ҳам шахсий масъулияти.
Ш.Маматуропова,
ЎзА