500 минг сўмлик янги банкнот ҳақидаги хабарлар рад этилди
Ижтимоий тармоқларда Мирзо Улуғбек сурати туширилган 500 минг сўмлик янги банкнот муомалага чиқарилиши ҳақида тарқалган хабарлар асоссиз экани маълум қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, айрим интернет саҳифалари ва ижтимоий тармоқларда янги йирик номиналдаги пул белгиси жорий этилиши ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Бироқ регулятор мазкур маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади.
“Бугунги кунда янги пул белгисини муомалага чиқариш масаласи Марказий банк томонидан кўзда тутилмаган”, дейилади расмий муносабатда.
Шунингдек, фуқаролардан молиявий масалаларга оид хабарларга ишонишдан аввал фақат расмий манбалар орқали маълумотларни текшириш сўралди.
Ш.Маматуропова, ЎзА