50 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилди
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги “Шодлик” маҳалласида Наврўз байрами муносабати билан ташкил этилган тадбир доирасида 50 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилиб, “Греэн Парк” замонавий турар жой мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Фахриддин Қўшоқов, жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ҳамда ёшлар иштирок этишди. Сўзга чиққанлар Наврўзнинг инсонпарварлик ва янгиланиш ғоялари, бундай ташаббусларнинг жамиятда меҳр-оқибатни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидладилар.
Айниқса, тадбир доирасида 50 нафар бола учун оммавий тарзда ташкил этилган суннат тўйи барчада чуқур таассурот қолдирди. Шунингдек, “Бетон саноат” қурилиш компанияси томонидан барпо этилган, 270 та хонадондан иборат “Греэн Парк” турар жой мажмуасининг бир қисми ўз эгаларига топширилди.

Лойиҳанинг эътиборли жиҳати — уй-жойларнинг қулай молиявий механизмлар, жумладан, муддатли тўлов ва давлат субсидиялари асосида тақдим этилаётганидир. Бу, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари учун муносиб турар жойга эга бўлиш имкониятини кенгайтирмоқда.
Компания томонидан ижтимоий масъулият доирасида амалга оширилган ишлар ҳам алоҳида эътироф этилди. Хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига замонавий икки хонали уй, шунингдек, икки нафар кам таъминланган оилага бир ва икки хонали уйлар беғараз тақдим этилди.
Тадбир юқори савияда ташкил этилиб, миллий қўшиқ ва куйлар ижро этилди. Бу эса иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашиб, тадбирга байрамона руҳ бағишлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири