Қишлоқда замонавий тикувчилик корхонаси
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида янги тикувчилик корхонаси иш бошлади.
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида янги тикувчилик корхонаси иш бошлади.“Наргизатекс” масъулияти чекланган жамияти таркибида барпо этилган ва замонавий технологиялар билан жиҳозланган ушбу корхона кунига 6 минг дона тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда иш бошлаган 170 ишчининг асосий қисми касб-ҳунар коллежи битирувчиларидир.
Жамият ўз маблағидан ташқари, “Алоқабанк” Жиззах вилояти филиалининг 2 миллиард 500 миллион сўмлик кредитидан ҳам фойдаланди. Корхонанинг икки қаватли замонавий биносида тикув, андоза олиш, нақш, гул солиш цехлари билан бирга ишчилар учун ошхона ва дам олиш хоналари ҳам мавжуд.
– Тошкентдаги миллий ҳунармандлик касб-ҳунар коллежини битириб, туманимизда барпо этилган замонавий корхонада иш бошлаганимдан хурсандман, – дейди Сарвиноз Эштемирова. – Корхонамизда ёшларнинг самарали меҳнат қилиши учун барча шароит яратилган.
Лойиҳанинг 2015-2016 йилларга мўлжалланган навбатдаги босқичларида ип-газлама тўқиш ва бўяш ишларини йўлга қўйиш мўлжалланмоқда.
– Президентимиз раҳнамолигида табиркорларга яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш ва маҳсулотларимизни экспортга чиқариш ниятидамиз, – дейди жамият раҳбари Абдурашид Шомирзаев. – Шу мақсадда қурилиш, техник жиҳозлаш, бутлаш ишлари давом эттирилмоқда. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши билан иш ўринлари сони яна икки баробар кўпаяди.