46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси: Рейтинг кўрсаткичида қайси жамоалар етакчи?
Жорий йилнинг 15-27 сентябрь кунлари Самарқандда шахмат бўйича ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида иштирок этадиган жамоалар рўйхати тасдиқланди.
Унга кўра, шахмат олимпиадасининг эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасидаги шиддатли курашларда умумий ҳисобда 400 та жамоа иштирок этиш талабномаларини расман тасдиқлади.
Очиқ таркиб номи билан аталадиган, асосан эркаклардан иборат жамоалар 208 та, хотин-қиз шахматчиларни жамлаган жамоалар эса 192 тадан иборат бўлди.
Бундан кўриниб турибдики, Самарқанд шахмат олимпиадасида 2024 йилги Будапешт олимпиадасига нисбатан 40 та кўп жамоа қатнашади.

Айтиш лозимки, бундан икки йил муқаддам Венгрияда ташкил этилган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг икки йўналишида 38 та жамоа аъзолари дона сурган эди.
Олимпиада дастурига мувофиқ, мусобақанинг тантанали очилиш маросими 15 сентябрь куни Самарқандда бўлиб ўтади. Шундан сўнг, 16-27 сентябрь кунлари мусобақанинг 11 та классик босқич мусобақалари бўлиб ўтади.
Тақдим этилган талабномаларга кўра, эркаклар жамоалари рўйхатини ҳозирда FIDE рейтингида муносиб ўринларни эгаллаб келаётган Фабиано Каруана, Уэсли Со, Ҳанс Ниеманн, Левон Аронян, Авондер Лианг ва жамоа сардори, 2016 йилги шахмат олимпиадаси олтин медаль соҳиби Жон Доналдсондан иборат “Жаҳон терма жамоаси” номи билан танилган Америка Қўшма Штатлари бошқариб турибди.
Кейинги рейтинг поғонасини Аржун Эригаиси, Праггнанандха, Пентала Ҳарикришна, Ниҳал Сарин, Гукеш Доммаражу, Видит Гужрати ва жамоа сардори Сринатҳ Нараянанни жамлаган Ҳиндистон терма жамоаси эгаллаган.
Рейтингнинг учинчи поғонасидан Рустам Қосимжонов сардорлигидаги Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминовдан ташкил топган Ўзбекистон-1 терма жамоаси ўрин олган.

Шунингдек, кейинги рейтинг ўринларида Хитой, Германия, Озарбайжон, Арманистон, Аргентина, Нидерландия, Англия, Туркия, Франция, Эрон каби терма жамоалар жой олган.
Шахмат олимпиадасида 206 та жамоа сафида Ўзбекистон-1 жамоаси сингари Ўзбекистон-2 ва Ўзбекистон-3 жамоалари дона суради.
Рейтинг кўрсаткичида Муҳаммадзоҳид Суяров, Абдумалик Абдусалимов, Жаҳонгир Воҳидов, Ҳумоюн Бекмуратов, Ортиқ Ниғматов ҳаракатланадиган Ўзбекистон-2 жамоаси 32-ўринда, Саидакбар Саидалиев, Баҳром Баҳруллаев, Алмас Раҳматуллаев, Муҳаммадали Абдураҳмонов, Асроржон Омоновдан ташкил топган Ўзбекистон-3 жамоаси умумий рейтинг очколари ҳолатида 55-ўриндан жой эгаллади.
Хотин-қизлар терма жамоалари рўйхатининг энг юқори қаторида 45-шахмат олимпиадаси ғолиби Ҳиндистон жамоаси қайд этилган бўлса, кейинги ўринларда Грузия, Хитой, Қозоғистон, АҚШ, Украина, Польша, Франция, Сербия, Нидерландия, Германия, Венгрия каби ўнлаб мамлакатларнинг миллий жамоалари келтириб ўтилган.

Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Нилуфархон Имомқўзиева, Умида Омонова, Гулдона Каримовадан иборат Ўзбекистон-1 аёллар жамоаси 192 та жамоа орасида 13-ўринда, Нилуфар Ёқуббоева, Маржона Маликова, Асал Салимова, Мадинабону Халилова, Мумтозбегим Мансуровадан ташкил топган Ўзбекистон-2 аёллар жамоаси 42, Шохина Аҳмедова, Мафтуна Бобомуродова, Барчиной Шокиржонова ва Озода Шаҳзодовани жамлаган Ўзбекистон-3 аёллар жамоаси 63-поғонада кўрсатилган.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА