40 минг долларлик грант икат ҳунармандчилигини сақлашга жалб этилади
“Ҳунарманд” уюшмаси "The ALIPH–EU Central Asia Call for Projects" танловида “Ikat Connection” лойиҳаси билан 40 минг долларлик грант ғолиби бўлган эди.
Шунга кўра, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда лойиҳа экспертлари иштирокида онлайн йиғилиш ўтказилди.
Йиғилиш давомида лойиҳани амалга оширишнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Амалий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ҳамда масъул томонларнинг вазифалари белгилаб олинди.

Мазкур лойиҳа доирасида миллий маданий меросни асраш, номоддий маданий қадриятларни келгуси авлодларга етказиш ҳамда ҳунармандчилик соҳасини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, амалга оширилаётган мазкур лойиҳа орқали Марказий Осиёда анъанавий икат ҳунармандчилигини сақлаш, тиклаш ва замонавий ривожланиш билан уйғунлаштириш мақсад қилинган.
“Ikat Connection” лойиҳаси доирасида тарихий манбалар ва музей коллекцияларини ўрганиш, усталар ва тадқиқотчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, анъанавий икат тўқиш усулларини ҳужжатлаштириш ҳамда ёш авлодга билим ва кўникмаларни етказиш ишлари режалаштирилган.
Айни пайтда лойиҳа доирасида ташкилий жараёнлар бошланди ҳамда халқаро ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Мутахассислар жалб қилиниб, ҳамкорлик механизмлари ишлаб чиқилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА