4-сонли поликлиника бошқа бинога кўчирилади
Расмий муносабат
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг сайтида жорий йил январь ойида Жиззах шаҳар “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 4-сонли оилавий поликлиникадаги бир қатор камчилик ва муаммолар ҳақида “Шифо”га муҳтож шифохона” сарлавҳали танқидий мақола чоп этилган эди.
Ушбу танқидий материал юзасидан Жиззах шаҳар ҳокимлиги шаҳар тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари билан биргаликда ўрганиш ишларини ўтказди.
Ҳақиқатдан ҳам, шаҳар 4-сонли оилавий поликлиникаси 2004 йил Жиззах шаҳар ҳокимининг қарори билан ўша пайтда шаҳар солиқ инспекцияси тасарруфида бўлган, яъни ҳозирги бинога жойлаштирилган.

Бино ҳақиқатдан ҳам тиббий муассаса сифатида фаолият кўрсатиш учун мослаштирилмаган. Шу сабабдан ушбу поликлиникани тиббий муассасаларнинг фаолият кўрсатиши учун мослаштирилган бинога кўчириш ёки янгидан поликлиника қурилиши учун ер ажратилиши лозим эди. Лекин мутасадди ташкилотларга аҳоли томонидан бир неча маротаба мурожаатлар қилинган бўлсада, бироқ қайсидир сабабларга кўра муаммо шу вақтгача ижобий ҳал этилмаган.
Айни пайтда Жиззах шаҳар Оққўрғонлик маҳалласи ҳудудида 7 қаватли вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилмоқда ва у жорий йил фойдаланишга топширилади, вилоят кўп тармоқли маркази айнан шу бинога кўчирилади. Марказ ўрнига эса Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмаси барча бўлимлари билан кўчириб ўтказилиши режалаштирилди.
Жиззах шаҳар 4-сон оилавий поликлиника эса Иттифоқ маҳалласида жойлашган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли болалар ва неврология бўлими биносига кўчириб ўтказилади.
Мазкур иншоот ўтган йили Инвестиция дастурига киритилган бўлиб, 6 миллиард 800 миллион сўм миқдордаги маблағ эвазига поликлиникага мослаштирилган ҳолда тўлиқ реконструкция қилинди.
Бироқ айни пайтда Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмаси қошида ушбу бўлимдан ташқари аҳолининг ётиб даволаниши учун бошқа шифохона йўқлиги туфайли болалар ва неврология бўлими ўз фаолиятини вақтинча ушбу бинода давом эттириб келмоқда.
Шу сабабдан ҳам Жиззах шаҳар 4-сонли мазкур оилавий поликлиниканинг реконструкция қилинган бинога кўчиб ўтиши вақтинчалик тўхтаб турибди.
Юқорида қайд этилганидек, Оққўрғонлик маҳалласида янги қурилаётган 270 ўринли вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг қурилиш ишлари якунланиши билан Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмаси барча бўлимлари билан ҳозирги вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг ўрнига кўчирилади.
Жиззах шаҳар 4-сонли оилавий поликлиника эса тўлиқ мукаммал таъмирдан чиқарилган ва поликлиника фаолиятига мослаштирилган шаҳар болалар ва неврология бўлими биносига кўчириб ўтказилиши режалаштирилди.
Жиззах шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.
ЎзА