35 кунлик йўл 5 кунда босиб ўтилса... Ўзбекистон ва Покистон нимани режалаштирмоқда?
Сўнгги йилларда Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаш ҳақида кўп гапириляпти. Бу ғоя қандай амалга ошади? Саволга жавобни Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари ривожидан қидириш мумкиндек. Кейинги бир неча йил ичида икки давлат ҳамкорлиги дипломатия доирасидан чиқиб, аниқ мақсадга йўналтирилган механизм асосидаги стратегик шериклик босқичига кўтарилди.
Бу жараёнда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил февраль ойидаги Исломободга давлат ташрифи муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Давлат раҳбарлари илк бор Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишини ўтказди. Шу тариқа ўзаро муносабат сиёсий мулоқотдан доимий мувофиқлаштириладиган ҳамкорлик тизимига айланди.
Янги босқич тасодиф эмас
Ўзбекистон – Покистон муносабатлари бугун пайдо бўлган эмас. Ушбу давлат республикамиз мустақиллигини биринчилардан тан олган. Тўғри, кўп йил давомида шериклик асосан хавфсизлик ва Афғонистон масаласи билан чекланиб, иқтисодий муносабат кутилган даражага чиқмади.
2021 йил вазият тубдан ўзгарди. Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация, кейинчалик имзоланган янги келишувлар ва давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари жараёнга янги суръат бағишлади. 2025 йил Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилиниб, орадан бир йил ўтиб тузилманинг биринчи йиғилиши ўтказилди. Шу тариқа ҳамкорлик тизимли бошқарув босқичига ўтди.
Сиёсий ирода – асосий ҳаракатлантирувчи куч

Сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев таҳлилига кўра, бу яқинлашув замирида бир неча муҳим ётади: энг аввало икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси. Шунингдек, умумий цивилизацион мерос, Бобурийлар тарихи, иқтисодиётлар ўзаро бир-бирини тўлдириши ҳамда Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаш бўйича умумий манфаат муносабатларнинг мустаҳкам асосига айланмоқда. Афғонистон орқали ўтувчи қуруқлик йўлининг хавфсизлиги, тўғридан-тўғри транспорт коммуникацияси етарли эмаслиги ва Покистоннинг ўзида инвестицияга эҳтиёж юқорилиги икки томонлама лойиҳалар суръатига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардир.
Қоғоздаги келишув эмас, ижро интизоми муҳим
Янги ҳамкорликнинг энг муҳим жиҳати – қабул қилинган қарорлар аниқ ижро механизми яратилгани. Илк бор лойиҳалар бўйича алоҳида баённома қабул қилиниб, муддат ва масъуллар белгиланди. Энди самарадорлик учрашувлардан сўнг бажарилган иш билан баҳоланади.
Табиийки, иқтисодий кўрсаткич энг муҳим мезон. 2017 йил товар айирбошлаш қиймати тахминан 30 миллион долларни ташкил этган. 2025 йилга келиб бу рақам қарийб 500 миллион долларга етди. Яъни, 8 йиллик ўсиш 15 баробар. Томонлар энди янада улкан мақсад белгилаган: савдо айланмасини 2 миллиард долларга етказиш. Бунинг учун имтиёзли савдо тартиби такомиллаштириляпти, қўшма корхоналар сони ошиб, миллиардлаб долларлик сармоя портфели шаклланмоқда.
Таҳлилчилар бир муҳим жиҳатга эътибор қаратади: ўсиш суръати юқори бўлгани билан, икки мамлакат аҳолиси ва иқтисодий салоҳиятини ҳисобга олганда, 500 миллион долларлик савдо чегара эмас. 2 миллиард долларлик маррага эришиш эса транспорт йўлаклари ва логистика масалалари ҳал этилмас экан, осон кечмайди.
Асосий имконият ва синов – транспорт
Ўзаро муносабат келажагини белгилайдиган асосий савол аниқ: Ўзбекистон Ҳинд океанига энг қисқа йўлни қачон очади?
Бу жараён фақат логистикадан иборат эмас, балки савдо ҳажми, сармоя, саноат кооперацияси ва бутун Марказий Осиёнинг ташқи бозорларга чиқиш имконияти билан ҳам бевосита боғлиқ. Шу боис Тошкент – Исломобод муносабатида транспорт масаласи ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
35 кунлик йўл 5 кунга тушиши мумкин
Бугун Ўзбекистондан Покистон портларига юк етказиш кўп вақт талаб қилади. Трансафғон темир йўли лойиҳаси амалга ошса, вазият тубдан ўзгаради. Янги темир йўл юк ташиш муддатини 35 кундан 3-5 кунгача қисқартиради. Транспорт харажати 30-40 фоиз камаяди. Илк босқичда йилига 3 миллион тонна юк ташиш имкони яратилади. Кейинчалик бу кўрсаткични 15-20 миллион тоннагача ошириш режалаштирилган. Энг муҳими, Марказий Осиё Карачи ва Гвадар портлари орқали жаҳон бозорига анча тез чиқиш мумкин.
Лойиҳанинг нозик нуқтаси
Иқтисодий мантиқ ҳар доим сиёсий воқелик билан мос келавермайди. Трансафғон темир йўли тақдири Афғонистондаги вазиятга чамбарчас боғлиқ. Қуруқлик орқали ўтадиган деярли барча логистика йўлаклари ушбу мамлакат ҳудудидан ўтади. Демак, хавфсизлик, сиёсий барқарорлик ва минтақавий келишув ҳал этилмас экан, йирик транспорт лойиҳалари тўлиқ амалга ошиши осон кечмайди.
Мутахассислар шунинг учун ҳам муқобил йўналишларни ривожлантириш муҳим, деб ҳисобламоқда. Жумладан, Хитой орқали мультимодал ташув ҳамда ҳаво қатновини кенгайтириш логистик хавфини қисман юмшатиши мумкин. Бинобарин, бу вариант ҳам Покистоннинг Ҳинд океанига энг қисқа чиқиш йўлини тўлиқ алмаштира олмайди.
Савдо рақамда эмас, бозорда ривожланади
Ўзбекистон ва Покистон фақат йирик режалар билан чекланаётгани йўқ. 2022 йил имзоланган Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим дастлаб 17 турдаги маҳсулотни қамраб олган бўлса, ҳозир бу рақам 40 дан ошди. Демак, маҳсулотларимиз ушбу ҳамкор давлат бозорига чиқиши анча енгиллашган. Айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун фито санитария рухсатномалари рўйхати кенгайиши экспортчилар учун янги имконият яратмоқда.
Савдо уйлари ва миллий кўргазмалар амалий ҳамкорликнинг яна бир кўринишидир. Лоҳур ва Карачида Ўзбекистон савдо уйлари иш бошлади. Тошкентда ўтказилган "Made in Pakistan", Лоҳурда ташкил этилган "Made in Uzbekistan" кўргазмалари эса ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқди. Лоҳурда жами 500 миллион долларлик 181 шартнома имзоланди. Қисқаси, муносабат энди фақат сиёсий баёнот билан чекланмаяпти.
Янги йўналишлар
Шериклик тобора анъанавий соҳалардан ташқарига чиқмоқда. Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика билан бир қаторда, эндиликда IT, СИ, стартап, "ақлли" ҳисоблагич, маиший техника ва рақамли технология ҳам қўшма лойиҳалар муҳокамаси марказига чиқмоқда.
2025 йил бошидан Покистон сармояси қарийб икки баробар ошиб, 70 миллион долларга яқинлашди. Таҳлилчилар эса айни кўрсаткич ҳали жиддий иқтисодий бурилиш учун етарли эмаслигини таъкидламоқда.
Энг мустаҳкам кўприк — халқ дипломатияси

Муносабатнинг энг барқарор қисми маданий-гуманитар алоқалар бўлиб қолмоқда. Карачида Ўзбекистон-Покистон маданият уйи очилиши, Лоҳурда Бобурийлар мероси маркази ташкил этиш режаси, Исломободда Бобур боғи ва Тошкент кўчаси пайдо бўлиши икки халқ ўртасидаги тарихий риштани янада мустаҳкамлайди.
Туризм ҳам жадал ривожланмоқда. 2025 йил Покистондан Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони 10 000 нафардан ошиб, икки йил аввалги кўрсаткичдан қарийб икки ярим баробар кўтарилди. Бунда соддалаштирилган виза тартиби ва тўғридан-тўғри ҳаво қатнови муҳим омилдир.
Ўзбекистон ва Покистон муносабати янги босқичга чиққанини рақамлар ҳам, имзоланаётган ҳужжатлар ҳам тасдиқламоқда. Эндиги муҳим вазифа келишувларни кўпайтириш эмас, мавжудлари ижросини таъминлаш.
Таҳлил шуни кўрсатадики, бугунги шароитда савдо, ҳаво қатнови, рақамли технология, таълим, туризм ва кичик бизнес каби йўналишларда тез натижага эришиш мумкин. Йирик транспорт ва энергетика лойиҳалари эса Афғонистондаги вазият билан боғлиқлиги сабабли ҳали муайян вақт талаб қилади.
Шу маънода Ўзбекистон – Покистон шериклиги келажаги қабул қилинаётган қарорлар сонига эмас, режа ҳаётга қай даражада татбиқ этилишига боғлиқ. Агар ғоялар амалда ҳам ўз ифодасини топса, бу ҳамкорлик нафақат икки давлат, балки Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлайдиган муҳим таянчга айланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА