315 минг тадбиркорнинг 1,5 триллион сўмлик пеняси бекор қилинади
Тадбиркорлик фаолиятида солиқ қарзи сабаб юзага келадиган пеня ва ижро жараёнлари бизнес учун қўшимча молиявий юк бўлиши мумкин. Энди кичик ва ўрта бизнес вакилларининг бир қисми учун бу юкни енгиллаштириш имконияти яратилди. Мазкур чора орқали тадбиркорларга мавжуд солиқ мажбуриятларини тартибга солиб, фаолиятини янги шартларда давом эттириш учун «иккинчи имконият» берилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, бизнес вакиллари учун қатор янги молиявий ва ташкилий механизмлар белгиланди.
Ушбу ҳужжат асосида кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун «Иккинчи имконият» иқтисодий амнистияси жорий этилди. Унга кўра, 2026 йил 1 сентябрга қадар юзага келган солиқ қарзини 2026 йил 31 декабрга қадар тўлиқ тўлаган тадбиркорларнинг ҳисобланган пеняси бекор қилинади. Шунингдек, уларга нисбатан юритилаётган ижро ишлари ҳам тугатилади.
Савдо-саноат палатаси маълумотларига кўра, айни пайтда ушбу имкониятдан фойдаланиши мумкин бўлган 315,2 минг нафар тадбиркорнинг жами 9,5 триллион сўм солиқ қарзи мавжуд.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур қарзлар бўйича ҳисобланган пеня миқдори 1,5 триллион сўмни ташкил этмоқда. Демак, тадбиркорлар асосий солиқ қарзини белгиланган муддатда тўлиқ қопласа, 1,5 триллион сўмлик пеня уларнинг зиммасидан олиб ташланади. Бу, айниқса, айланма маблағи чекланган кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун молиявий босимни сезиларли даражада камайтириши мумкин.
Янги тартибнинг имкониятлари пеняни бекор қилиш билан чекланмайди. Жумладан, тадбиркор солиқ ҳисоботидаги хатони мустақил равишда аниқлаб, тузатса ва натижада қўшимча ҳисобланган солиқни 2026 йил якунига қадар тўлиқ тўласа, унга ушбу сумма бўйича пеня ҳисобланмайди. Бундан ташқари, 2019–2025 йилларда тўпланган 1,6 триллион сўмлик айрим жарима қарзлари, шунингдек, айланма солиғи бўйича 39,8 миллиард сўмлик жарима қарзлари ҳам ҳисобдан чиқарилади.
«Иккинчи имконият»дан фойдаланишда энг муҳим жиҳат — белгиланган муддатга риоя қилиш. Яъни тадбиркорнинг 2026 йил 1 сентябрга қадар юзага келган солиқ қарзи 31 декабргача тўлиқ қопланиши шарт. Шунда ҳисобланган пеня бекор қилиниб, тегишли ижро ишлари тугатилади. Ушбу механизмни оддий қилиб айтганда, давлат тадбиркорга мавжуд асосий қарзини тўлаш учун йил охиригача муддат бермоқда, тадбиркор эса ўз навбатида асосий мажбуриятини бажариши эвазига қўшимча пеня юкидан халос бўлади.
Мазкур чоранинг иқтисодий аҳамиятини фақат қарздорликни камайтириш билан баҳолаб бўлмайди. Пеня ва айрим жарималарнинг ҳисобдан чиқарилиши тадбиркорларнинг айланма маблағларини сақлаб қолиш, солиқ мажбуриятларини тартибга солиш ва фаолиятини қонуний асосда давом эттириш имконини кенгайтиради. Шу билан бирга, 9,5 триллион сўмлик асосий солиқ қарзининг ундирилиши давлат бюджети тушумлари барқарорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим. Яъни мазкур механизм икки томонлама манфаатни кўзлайди: тадбиркор пеня ва айрим жарималардан енгиллик олади, давлат эса асосий солиқ қарзларининг тўланишини рағбатлантиради.
Шу боис «Иккинчи имконият»ни бизнес учун берилган имтиёз сифатида эмас, балки солиқ мажбуриятларини тўлиқ бажариш эвазига қўшимча молиявий юкдан халос бўлиш имконияти сифатида баҳолаш мумкин.
Энг муҳими, мазкур имкониятнинг амал қилиш муддати чекланган — солиқ қарзини тўлиқ тўлаш учун охирги сана 2026 йил 31 декабрь.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА