300 йиллик нашватилар ёхуд Сумакнинг сувли меваси сири
Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Сумак қишлоғига келсангиз, бу ер аҳолиси аввало сизга тоғларини ҳам эмас, булоқларини ҳам эмас, машҳур нашватисини кўрсатишга ошиқади. Чунки бу қишлоқнинг энг катта бойлиги – асрлардан буён сақланиб келаётган, таъми ва хушбўйлиги билан бошқа ҳеч бир жойда такрорланмайдиган Сумак нашватисидир.
Юртимизнинг ҳар бир ҳудуди ўзига хос бир неъмат билан машҳур. Самарқанд нони, Ғиждувон шашлиги, Қашқадарё тандир гўшти каби Сумак қишлоғининг ҳам ўз рамзи бор. У ҳам бўлса серсув, хуштаъм ва узоқ сақланадиган машҳур Сумак нашватиси.
Китоб туманининг тоғ бағрида, мусаффо ҳаво ва зилол булоқлар оғушида жойлашган ушбу қишлоққа қилган сафаримиз давомида аввало маҳалланинг энг тажрибали боғбонларидан бири Мустафохон Олимов хонадонига йўл олдик. Сабаби оддий айнан шу боғда уч асрлик тарихга эга нашвати дарахтлари ҳануз барҳаёт.
Мустафохон ака меҳнатда тобланган қўллари, қуёшда қорайган юзи ва самимий табассуми билан қарши олди. Сўқмоқлар орқали тоғ этагидаги боғга йўл олар эканмиз, икки ёндаги олма, нок, тут ва токзорлар табиатнинг беқиёс неъматларини кўз-кўз қилиб турарди.
Ниҳоят, кўп эшитганимиз – уч асрлик нашвати дарахти қошида турибмиз.
Танасига вақт излари муҳрланган бу дарахт ҳали ҳам ҳар йили ҳосил бериши инсонни ҳайратга солади. Унинг ҳар бир шоҳида ўтмиш билан бугун ўртасидаги кўринмас ришта мужассамдек.
– Аждодларимиз бу ерга тахминан 700 йил аввал келиб жойлашган. Шундан буён Сумак нашватиси етиштириб келинади, – дейди Мустафохон Олимов. – Илгари нашвати ва кишмиш узумидан тайёрланган шиннилар кўзаларга солиниб, карвонлар орқали бошқа юртларга ҳам олиб чиқилган. Бу дарахтларни ким экканини ҳозирги авлод билмайди. Аммо ҳар гал ҳосил терганимизда уларнинг ҳаққига дуо қиламиз. Бир пайтлар боғимизда 37 та шундай кекса дарахт бор эди, ҳозир 28 таси сақланиб қолган. Шу билан бирга, улардан кўчат олиб, яна 300 тупдан ортиқ нашвати парваришлаяпмиз.
Боғбоннинг таъкидлашича, Сумак нашватисининг айнан шу ҳудудда ўзига хос таъм касб этиши бежиз эмас. Тоғ иқлими, булоқ сувлари, унумдор тупроқ ва кўп асрлик парвариш тажрибаси бирлашиб, унинг бетакрор хусусиятини шакллантирган. Шунинг учун ҳам бошқа жойларда экилган кўчатлар худди сумакдаги каби ҳосил бермайди.
Бу ерда деярли ҳар бир хонадонда нашвати дарахтини учратиш мумкин. Қишлоқ тарихи ҳам, аҳолининг турмуш тарзи ҳам шу мева билан чамбарчас боғланган.
Мустафохон акадан уч юз йиллик дарахтнинг умр сири ҳақида сўраймиз.
– Дарахт ҳам инсонга ўхшайди. Парвариш қилинса, умри узаяди. Ҳар йили эски шохларини бутаб, тагини юмшатиб, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантириб турамиз. Шунинг учун дарахт ёш новдалар чиқариб, яна ҳосил бераверади, – дейди у.
Фермернинг айтишича, ҳосилдор йилларда боғдан 10 тоннагача нашвати йиғиб олинади. Меванинг эътиборли жиҳатларидан бири уни териш жараёни ҳисобланади.
Оддий мевалар каби силкитиб ёки шохидан узиб бўлмайди. Ҳар бир донаси думчасидан эҳтиёткорлик билан терилади. Бунинг учун махсус нарвонлардан фойдаланилади. Агар мева лат еса, уни узоқ сақлаб бўлмайди.
Териб олинган нашватилар ипга тизилиб, чўғ (меванинг думидан ипга боғланиб, осиб қўйилган жами ҳажми 7-8 келадиган нашвати уюми) қилинади ва ертўлаларда табиий шароитда сақланади. Ана шундай усул туфайли улар баҳорнинг охири, ҳатто май ойигача ўз таъми ва хушбўйлигини йўқотмайди.
Мустафохон Олимов раҳбарлик қилаётган “Мустафо Муртазахон ўғли” фермер хўжалиги нафақат ноёб нашватилари, балки сертармоқ боғдорчилиги билан ҳам ажралиб туради.
Боғда тўққиз хил навдаги 300 тупдан зиёд нок ва нашвати, 400 тупдан ортиқ олманинг бир неча нави, шунингдек, тут, қароли, ток ва бошқа мевали дарахтлар парваришланмоқда. Фермер хўжалиги боғдорчилик билан бир қаторда чорвачиликни ҳам ривожлантирмоқда.
[gallery-30503]
Дарё бўйлаб қатор тортган дарахтзорларга қарар экансиз, бу ерда табиат билан инсон меҳнати уйғунлашиб кетганини ҳис қиласиз. Ҳар бир дарахт ортида бир неча авлоднинг заҳмати, тажрибаси ва сабри мужассам.
Бугун дунёда географик брендлар ва маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳимоя қилиш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Сумак нашватиси ҳам нафақат Қашқадарёнинг, балки Ўзбекистоннинг аграр брендига айланиш салоҳиятига эга. Чунки унинг қиймати фақат таъмида эмас, балки асрлардан буён сақланиб келаётган тарихи, ноёб агротехникаси ва авлоддан авлодга ўтиб келаётган боғбончилик маданиятидадир.
Уч юз йилдан буён мева бериб келаётган дарахтлар эса инсон меҳнати ва табиатга эҳтиром қанчалик узоқ умр кўришини яна бир бор исботлаб турибди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари