30 га яқин талабанинг ўқиш пуллари тўлаб берилади
Тошкент давлат педагогика университетида Ёшлар ишлари агентлигининг Тошкент шаҳар ва Чилонзор туман ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшлар муаммоларини ечишга қаратилган мулоқот ташкил этилди.
Ўзаро суҳбат давомида ёшларни қийнаётган муаммолар, таклифлар ва мурожаатлар ўрганилди ҳамда улардан бир қанчаси ҳал этилди.

– Тошкент шаҳрида муқим истиқомат қилувчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўқиш учун контракт суммалари тўлаб берилиши бўйича келишиб олинди, – дейди университет ёшлар бошланғич ташкилоти етакчиси Мумтоз Мелиқўзиев. – Бу каби ёрдам, ҳомийлик ишлари, албатта, иқтисодий жиҳатдан қийналаётган талабаларга кўмак бериши билан бирга, уларнинг фақат илм олиш ҳақида ўйлаши, ўз соҳасининг мутахассиси бўлиб шаклланишига замин яратади.
Учрашув якунларига кўра, университетда тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган 30 нафарга яқин талабанинг контракт суммалари тўлаб бериладиган бўлди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА