3 миллиард 563 миллион 423,8 минг сўм ундирилди
Тадбиркорлик субъектининг мурожаати юзасидан адлия бўлими мутахассислари томонидан ўрганиш ўтказилди.
Андижон вилояти Марҳамат туманида тадбиркорлик фаолиятини юритиб келаётган “ANDIJONNEFT GAZ QUDUQ TAʼMIRLASH” масъулияти чекланган жамияти бажарилган ишлар учун «Андижоннефт» акциядорлик жамиятидан 3 миллиард 476 миллион 510 минг 330 сўм ҳақини ололмаётганлиги, бунинг оқибатида тадбиркорлик субъекти зарар кўраётганлиги, корхонада меҳнат қилаётган 120 нафар ишчи-ходимга ўз вақтида иш ҳақи беришда қийинчиликлар юзага келганлиги, энг асосийси, бу ҳолат корхонанинг иқтисодий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётганлигини ҳақида туман адлия бўлимига ариза билан мурожаат қилган.
Тадбиркорлик субъектининг мурожаати юзасидан адлия бўлими мутахассислари томонидан ўрганиш ўтказилди. Маълум бўлишича, «Андижоннефт» АЖ ҳақиқатдан ҳам кўрсатилган хизматлар ва бажарилган ишлар учун шартномада кўрсатилган муддатларда “ANDIJONNEFT GAZ QUDUQ TAʼMIRLASH” МЧЖга тўловларни амалга оширмаган, натижада корхона молиявий зарар кўрган, иқтисодий жиҳатдан танг аҳволда қолган.
Тадбиркорлик субъектига тўловлар асоссиз равишда тўланмасдан келинганлиги аниқланиб, мазкур ҳолатлар юзасидан МЧЖ фойдасига 3 миллиард 476 миллион 510 минг 330 сўм асосий қарз ва 489 миллион 987 минг 495 сўм жарима, шунингдек, 163 миллион 329 минг 165 сўм пеня ундириш юзасидан Андижон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди. Мазкур суд қарори билан “ANDIJONNEFT GAZ QUDUQ TAʼMIRLASH” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 3 миллиард 476 миллион 510 минг 330 сўм асосий қарз, 86 миллион 912 минг 758 сўм пеня, жами 3 миллиард 563 миллион 423,8 минг сўм ундириб берилиб, тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинди.
– Адлия бўлими мутахассисларига катта раҳмат, – дейди “ANDIJONNEFT GAZ QUDUQ TAʼMIRLASH” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Н. Қаҳҳоров. – Бир неча йиллардан буён ололмаётган ҳақимизни олишга, бизни қийнаб келаётган муаммони ҳал этишга ёрдам берди. Бу билан юртимизда тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамиша ҳимояда эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.