Энергия ресурсларини тежаш – давр талаби
“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компаниясида ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳага чет эл инвестицияларини жалб этиш, фойдаланилаётган электр энергияси учун тўлов тизимини такомиллаштириш ва бу борада жаҳон тажрибасини амалда қўллаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компаниясида ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳага чет эл инвестицияларини жалб этиш, фойдаланилаётган электр энергияси учун тўлов тизимини такомиллаштириш ва бу борада жаҳон тажрибасини амалда қўллаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 15 декабрда қабул қилинган “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш самарадорлигини ошириш, мамлакатимиз ёқилғи-энергетика комплексини диверсификация қилиш ва фойдаланилаётган электр энергияси учун тўлов тизимини такомиллаштиришга доир фаол иш олиб бормоқда.
Компания раисининг ўринбосари Р.Раимовнинг таъкидлашича, мамлакатимиз энергетика базасини умумий қуввати 12,5 миллион киловатт бўлган 39 электр станцияси ташкил этади. Айни пайтда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобидан энергетика тармоғи кенг кўламда модернизация қилинмоқда.
“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси 28 йирик инвестиция лойиҳасини ҳаётга татбиқ этаётир. Жумладан, Сирдарё иссиқлик электр станциясининг икки энергия блокини модернизация ва реконструкция қилиш энг йирик лойиҳалардан биридир. Бугунги кунда ушбу объектда қурилиш, ишга тушириш ва созлаш ишлари якунланди. Янги техник ечимлар ушбу иссиқлик электр станцияси қувватини 50 мегаваттга ошириш имконини беради.
Ахборот-коммуникация соҳасида ҳам иккита инновацион лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш шулар жумласидандир.
“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, айни пайтгача Тошкент шаҳрида 90 мингдан ортиқ электрон ҳисоблагич ўрнатилган. Мазкур ҳисоблагичларни “Электр ҳисобини юритиш” дастурий мажмуасига интеграциялаштириш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Бунинг самарасида истеъмолчилар электр энергияси тўловини онлайн режимида тўлаш, тўланган пулнинг тушишини назорат қилиш, таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича ариза ва электрон сўровларни тўғридан-тўғри компанияга жўнатиш имкониятига эга бўлди. Натижада пойтахтимизда аҳоли тўловларининг 70 фоизидан ортиғи реал вақт режимида қабул қилинмоқда.
Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.