286 нафар ўқувчи «Жасорат» йўлини танлади
Сирдарёда 286 нафар ўқувчи «Жасорат синфлари»га қабул қилиниб, Ватанга садоқат, мардлик ва қатъият йўлида илк ваъдаларини берди. Ҳаяжон ва ифтихорга тўла маросим улар учун шунчаки тантана эмас, балки юрт ишончини оқлаш, юксак мақсадлар сари интилиш ва Ватанга муносиб фарзанд бўлиб камол топиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Гулистон шаҳрида жойлашган Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармасида ўтказилган ваъда бериш маросими вилоятнинг 11 та туман ва шаҳридаги «Жасорат синфлари»га қабул қилинган 5-синф ўқувчилари учун унутилмас воқеага айланди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садолари остида бошланган тадбирда Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими тизимининг ҳудудий бошқармалари вакиллари, фахрий ҳарбийлар, устозлар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди.
«Жасорат мактаблари» — ёш авлодни Ватанга садоқат, мардлик ва қатъият руҳида тарбиялашга қаратилган муҳим таълимий ташаббус. Президент — Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 15 ноябрдаги «Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилган ушбу мактаблар ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясида муҳим ўрин тутади. Сирдарё вилоятида ҳам 11 та «Жасорат мактаби» фаолияти йўлга қўйилган.
Бу даргоҳларда ўқувчилар нафақат пухта билим олиш, балки интизомли бўлиш, қийинчиликларни енгиб ўтиш, жамоа билан ишлаш ва зиммасига юклатилган вазифаларга масъулият билан ёндашишни ҳам ўрганади. Умумтаълим фанлари билан бир қаторда ҳарбий тайёргарлик, амалий машғулотлар ва турли йўналишдаги тўгараклар уларнинг қобилиятларини ривожлантириш, салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилади. Энг муҳими, ёшлар қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик, юрт тинчлиги ва осойишталигини асрашга масъуллик туйғуларини мустаҳкамлайди.
[gallery-31963]
Маросим давомида ота-оналарнинг фахрга тўла нигоҳлари, устозларнинг самимий табриклари ва ёшларнинг ҳаяжони тадбирга ўзгача файз бағишлади. Амир Темур бобомизнинг жасоратларини акс эттирган саҳнавий чиқишлар, Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги ҳарбийларининг намойишкорона чиқишлари иштирокчиларда ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотди. Қурол-аслаҳалар намойиши эса ёшларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқишини янада оширди.
— Ваъда бериш — шунчаки маросим эмас. Бу Ватанни қалбдан севиш, юрт тақдирига дахлдорликни ҳис этиш ва зарур пайтда уни ҳимоя қилишга тайёр туриш демакдир. Бугун «Жасорат» синфларига қабул қилинган ўғил-қизларимизнинг кўзларида Ватанга муҳаббат, қалбларида эса юксак мақсадларга интилиш туйғуларини кўриш мумкин. Бу нафақат уларнинг, балки ота-оналари ва устозларининг ҳам қувончи. Ишонаманки, бугунги маросим ёшларимиз ҳаётида унутилмас хотира бўлиб қолади ва уларни келгусида ҳам юртга садоқат билан хизмат қилишга руҳлантиради, — дейди Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Даврон Исоқов.
Дарҳақиқат, жасорат фақат катта синовлардаги мардликда эмас, балки билим олишга интилиш, интизомли бўлиш ва берилган ваъдага вафо қилишда ҳам намоён бўлади. Бугун ваъда берган сирдарёлик ёшлар учун бу маросим ана шу эзгу фазилатларни ҳаёт мезонига айлантириш йўлидаги илк қадамдир.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА