2700 ўринли замонавий ўқув мажмуаси ёшлар ихтиёрида
Бугун Бухоро давлат университетида янги ўқув йилининг илк куни оддий дарс қўнғироғи билан эмас, балки таълим, илм-фан ва ёшлар келажаги учун янги имкониятлар эшиги очилиши билан бошланди. 2700 ўринли замонавий ўқув биносининг фойдаланишга топширилиши университет ҳаётидаги навбатдаги бунёдкорлик воқеаси бўлиш билан бирга, Бухорода замонавий илм-маърифат муҳитини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
2026-2027 ўқув йилининг бошланиши, “Талабаликка бағишлов” тадбири ҳамда янги ўқув биносининг тантанали очилишига бағишланган маросимда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, таниқли адиб ва шоир, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров, республика ва вилоят миқёсидаги меҳмонлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, фахрий устозлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
— Бугунги тадбир фақат янги ўқув йилининг бошланиши эмас. Бу — ёшларимиз учун янги имкониятлар эшиги очилаётгани, таълим ва илм-фанга қаратилаётган улкан эътиборнинг яна бир амалий ифодаси, Бухоро таълим тизими тараққиётидаги муҳим қадамдир, — деди Ботир Зарипов. Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда таълим ва илм-фанни ривожлантириш, ёшларга замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун муносиб шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёшларнинг сифатли таълим олиши, илм-фан билан шуғулланиши, замонавий касбларни эгаллаши ва ўз иқтидорини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бухоро давлат университетида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг ҳудуддаги амалий ифодаларидан биридир.
Бугун фойдаланишга топширилган мажмуа университетнинг ўз маблағлари ҳисобидан 86,5 миллиард сўм йўналтирилиши натижасида барпо этилди.
Мажмуа таркибидан 2700 ўринли замонавий ўқув биноси, Қуёш физикаси илмий-тадқиқот лабораторияси, Ахборот-ресурс маркази ҳамда 400 ўринли талабалар турар жойи ўрин олган.
Бу рақамлар ортида эса минглаб ёшларнинг тақдири, уларнинг сифатли таълим олиши, янги ғоялар устида ишлаши, илмий кашфиётларга интилиши ва келажакда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши учун яратилаётган улкан имкониятлар мужассам.
Янги ўқув биносида замонавий аудиториялар, таълим ва илмий-тадқиқот ишларини олиб боришга мўлжалланган хоналар, ахборот-ресурс инфратузилмаси ва талабалар учун зарур шароитлар яратилган.
[gallery-31283]
Энг муҳими, янги бино шунчаки яна бир иншоот эмас. У — замонавий билим, инновацион ғоя ва илмий изланишлар уйғунлашадиган янги таълим макони.
Тантанали маросимда фахрий меҳмонлар томонидан рамзий қизил лента кесилиб, янги ўқув биноси расман фойдаланишга топширилди. Университет жамоасига янги мажмуанинг рамзий калити тантанали равишда тақдим этилди.
Бухоро давлат университетидаги бугунги янгиланишлар билан жараён тўхтаб қолмайди.
Президент ташаббуси билан университетнинг келгуси тараққиёти учун янада улкан лойиҳаларга қадам қўйилмоқда.
Хусусан, 30,2 гектар майдонда Бухоро давлат университетининг янги замонавий кампуси барпо этилмоқда. Мазкур кампус таркибида 20 минг ўринли ўқув бинолари ҳамда 5400 ўринли талабалар турар жойлари қурилиши режалаштирилган. Бу — оддий қурилиш лойиҳаси эмас. Бу лойиҳа орқали Бухорода таълим ва илм-фаннинг янги авлоди учун улкан интеллектуал макон яратилади. Замонавий лабораториялар, илғор таълим технологиялари, илмий-тадқиқот муҳити ва талабалар учун қулай инфратузилма бир нуқтада мужассамлашади.
Натижада Бухоро давлат университетининг таълим ва илм-фан салоҳияти янада кенгаяди, унинг мамлакатимиздаги нуфузи мустаҳкамланади. Энг муҳими, Бухоро нафақат ўзининг қадимий маданий ва маънавий мероси, балки замонавий таълим ва илм-фан маркази сифатида ҳам янги қиёфа касб этади.
Тадбирда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов ҳам талаба-ёшларни янги ўқув йили билан табриклаб, уларни билим, илм-фан ва маърифат йўлида изланиш ва, замонавий ахборот ва медиа муҳитида фаол бўлишга чақирди.
“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров эса ёшларга эзгу тилакларини билдириб, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, юксак билим ва кенг дунёқарашга эга, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган етук мутахассислар бўлиб камол топишлари муҳимлигини таъкидлади.
Янги ўқув йилининг биринчи кунида очилган мазкур мажмуа Бухоро давлат университетининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш билан бирга, таълим сифати ва илмий салоҳиятни юксалтириш учун янги имкониятлар яратади.
Тадбир иштирокчилари янги ўқув биноси, Қуёш физикаси илмий-тадқиқот лабораторияси, Ахборот-ресурс маркази ва бошқа замонавий инфратузилма объектларини кўздан кечириб, талабалар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари