21 октябрь — “Ўзбек тили байрами куни”
Тил бу-миллатларни бир-биридан ажратиб турувчи асосий белгиларидан биридир. Ҳар бир инсон ўз она тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим. Шундагина тилнинг, миллатнинг қадри ва обрўйи, нуфузи ошади.
1989 йилнинг 21 октябрь куни Ватанимизда давлат тилининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унга кўра Ўзбек тилига — Давлат тили мақоми берилди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлган она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди.
Шунингдек, 2020 йилнинг 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун имзоланди.
Қонунга асосан, 21 октябрь “Ўзбек тили байрами куни” этиб белгиланган.
Ушбу сана муносабати билан “Ўзагросуғурта” АЖда "Қадринг баланд бўлсин Она тилим" шиори остида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти, филология фанлари номзоди Аҳмедов Хошим Ҳакимович маъруза қилдилар.
Тадбирда видеоконференцалоқа орқали Бошқарув мутахассислари ҳамда ҳудудий филиаллар масъул ходимлари иштирок этди.
Ўзаро эркин ва очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган мазкур маънавий-маърифий тадбирда ўзбек тилининг келиб чиқиши, ривожланиш тарихи, давлат тили мақоми берилишидаги мураккабликлар ва бугунги кунда тил сиёсатини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр билдирилди.
Тадбир сўнгида филиал ходимлари томонидан қизиқарли савол жавоблар бўлиб ўтди.
ЎзА