21 миллиард сўмлик давлат харидларида қонунбузилишлар аниқланди
Рақобат қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан “QUYUV-MEXANIKA ZAVODI” акциядорлик жамияти ўтказган энг яхши таклифларни танлаш — тендер савдолари “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганилди.
Ўрганишлар давомида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимига кирувчи мазкур корхона томонидан жами қиймати 21 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 8 та танлов савдосида қонун талабларига риоя этилмагани маълум бўлди. Хусусан, “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилгани, яъни савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки шунга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар аниқланган.
Шунга мувофиқ, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан буюртмачи ташкилотга нисбатан иш қўзғатилиб, белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Шунингдек, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Давлат харидлари соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш бюджет маблағларининг шаффоф ва самарали сарфланишида муҳим аҳамиятга эга. Бу эса нафақат давлат манфаатларини ҳимоя қилади, балки тадбиркорлик субъектлари учун тенг ва адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА