2026 йил якунига қадар "Cancer-регистр" ахборот тизими саратон касалликларини ҳисобга олиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Саратон касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, уч ой муддатда аҳоли ўртасида саратон касалликларини эрта аниқлаш ҳамда саратон касалликларига чалинган беморларни ташхислаш, даволаш, диспансер кузатувига олиш ҳамда йўналтириш жараёнларини ўз ичига олган беморлар рақамли маршрутини жорий қилиш бўйича техник топшириқ ишлаб чиқиб, тасдиқланади.
2026 йил якунига қадар "Cancer-регистр" ахборот тизими саратон касалликларини ҳисобга олиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштирилади, шунингдек, сунъий интеллект технологиялари асосида қарор қабул қилишни қўллаб-қувватловчи замонавий рақамли воситалар жорий этилади.
2027 йил якунига қадар "Электрон соғлиқни сақлаш" ахборот тизимида саратон касалликларига чалинган беморларни рўйхатга олиш, ташхислаш, даволаш, диспансер кузатуви ҳамда йўналтириш жараёнларини қамраб олган беморларнинг рақамлаштирилган маршрути алоҳида модул сифатида ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади.
Жамғармага 2027 йилда қўшимча 1,7 триллион сўм маблағ ажратилади.
Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар 2028 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади ва нархлар ўзгаришига қараб индексация қилиб борилади.
Дастур доирасида саратон касалликларини эрта босқичларда аниқлаш ва уларнинг олдини олиш юзасидан ишлаб чиқилган ўқув дастурлари асосида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб қилиш харажатлари Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ҳамда Давлат бюджетидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
Ҳар йили 4 февраль - Бутунжаҳон саратонга қарши курашиш куни муносабати билан саратон касалликларининг олдини олиш ва эрта босқичларда аниқлаш бўйича аҳолининг саводхонлигини оширишга қаратилган оммавий тадбирлар ўтказилади.
2027 йил якунига қадар дори ва сарфлов воситаларининг захирасини рақамли прогноз қилиш ва бошқаришни, ҳудудлар кесимида энг мақбул тарзда тақдимот қилишни ҳамда ўсмага қарши дори воситалари кўп йиллик шартномалар асосида харид қилиниши йўлга қўйилади.
ЎзА