2026 йил 1 октябрга қадар “E-bozor” ягона рақамли бозор платформаси синов тарзида, 2027 йил 1 мартга қадар тўлиқ амалиётга жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Бозорлар ва савдо комплексларида рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш ҳамда маиший коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Рақамлаштириш чоралари кўриладиган бозорлар ва савдо комплекслари рўйхати;
Бозорлар ва савдо комплексларини рақамлаштириш схемаси;
Бозорлар ва савдо комплексларини рақамлаштириш ҳамда уларнинг инфратузилмасини яхшилашнинг устувор йўналишлари тасдиқланди.
2026 йил 1 октябрга қадар “Солиқ” ахборот тизимлари комплекси таркибида қуйидагиларни назарда тутувчи “E-bozor” ягона рақамли бозор платформаси синов тарзида, 2027 йил 1 мартга қадар тўлиқ амалиётга жорий этилади:
бозорлар ва савдо комплекслари паспорти, манзили, бўш савдо шохобчалари ва савдо ўринлари очиқ эълон қилиб борилиши;
аҳолини бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятига оид маълумотлар билан таништириш, бозор маъмуриятига электрон мурожаат йўллаш ва жавоб олиш имкониятлари.
Бозорлар ва савдо комплексларини рақамлаштириш, уларнинг инфратузилмасини яхшилаш билан боғлиқ харажатлар бозорлар ва савдо комплекслари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Ахборот тизимлари киберхавфсизлик ҳамда давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш талаблари асосида жорий этилади.
2026 йил 1 декабрга қадар “E-bozor” платформасига бозорлар ва савдо комплексларида амалда жорий этилган ахборот тизимлари ҳамда Адлия вазирлиги, Кадастр агентлиги ва бошқа манфаатдор идораларнинг ахборот тизимлари “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилинади.
“E-bozor” платформасини яратиш ҳамда давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш харажатлари Солиқ қўмитасининг моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
2026 йил 1 августга қадар “E-bozor” платформаси лойиҳа-техник ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши ҳамда экспертизадан ўтказилиши таъминланади.
“Киберхавфсизлик маркази” ДМ билан биргаликда 2027 йил 1 февралга қадар “E-bozor” платформасини лойиҳа-техник ҳужжатларга ва киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги бўйича экспертизадан ўтказилади.
Солиқ қўмитаси “E-bozor” платформасининг оператори ҳисобланади.
Солиқ қўмитаси ҳар бир бозор ва савдо комплексига солиқ ходимларини бириктиради ва уларнинг фаолияти самарадорлигини кунлик таҳлил қилиб боради.
2026 йил 1 октябрга қадар бозорлар ва савдо комплекслари ихтисослашуви, иш тартиби, турғун савдо нуқталари ва савдо ўринлари сони ва жойлашуви, кўрсатиладиган хизматлар тўғрисидаги маълумотлар “E-bozor” платформасига киритилади.
Бозор ва савдо комплексига бириктирилган солиқ ходимлари “E-bozor” платформасида акс эттирилган кунлик тушумлар ҳаққонийлиги жойларда доимий равишда мониторинг қилиб борилади.
ЎзА