2025-2027 йилларда давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш стратегияси тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “2025-2027 йилларда давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2025-2027 йилларда давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш стратегияси тасдиқланди.
Унда:
барқарор давлат харидларини тизимли ривожлантириш, шу жумладан, “яшил” давлат харидларини кенгайтириш;
давлат харидлари соҳасида рақамли технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш;
давлат харидлари иштирокчиларининг шартнома мажбуриятларига риоя этишини мониторинг, таҳлил ва назорат қилишнинг рақамли технологияларга асосланган комплекс дастурини жорий этиш;
давлат харидлари соҳасида хавфни бошқариш, манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари, коррупция ва қонунчиликка зид ҳолатларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш чораларини кўриш;
давлат харидларида тадбиркорлик субъектларининг иштирокини кенгайтириш;
давлат харидлари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ўқув-услубий, илмий ва ахборот-таҳлилий базани такомиллаштириш белгилаб берилган.
Мазкур қарор билан 2025-2027 йилларда давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди.
2025 йил 1 июлга қадар халқаро экспертлар иштирокида барқарор давлат харидларини, шу жумладан, “яшил” давлат харидларини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси, шунингдек, намунавий йўриқнома ишлаб чиқилади ва амалиётга босқичма-босқич жорий этилади.
ЎзА