20 миллион сайёҳ ва 10 миллиард долларлик туризм экспорти: янги марралар белгиланди
Президентимиз туризм соҳасида тадбиркорликни рағбатлантириш учун кенг кўламли имтиёзлар белгиланганини эслатди.
Жумладан, меҳмонхоналар қурилиши учун миллий валютада 16 фоизли молиявий ресурслар ажратилди, ер ва мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар 2030 йилгача узайтирилди. Юлдузли меҳмонхоналарга субсидиялар бериш муддати яна икки йилга чўзилди.
Хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатувчи туроператорлар қўшилган қиймат солиғидан озод этилди. Туристик транспорт воситаларини импорт қилишда божхона имтиёзлари бир йилга узайтирилиб, утилизация йиғими бекор қилинди.
Яқин вақтда туризмни ривожлантириш стратегиясини қабул қилиш режалаштирилган. Унда хорижлик сайёҳлар сонини 20 миллион нафарга етказиш, туризмнинг иқтисодиётдаги улушини ҳозирги 3,5 фоиздан 7 фоизга ошириш ва соҳа экспортини 10 миллиард долларга олиб чиқиш мақсад қилинмоқда.
Президентимиз туризмда энди асосий эътиборни фақат ташрифлар сонини оширишга эмас, балки хизмат кўрсатиш сифати ва туристларнинг мамлакатда кўпроқ вақт қолишига қаратиш лозимлигини таъкидлади.
ЎзА