2 мартдан Самарқандда туризм мавсуми бошланди
Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида “Самарқанд – туризм маркази” шиори остида ташкил этилган маданий-кўнгилочар тадбирлар вилоят мусиқали драма театри олдидаги майдондан бошланди.
Одатда, юртимизда баҳор ва куз ойлари сайёҳлик учун қулай фурсат ҳисобланади. Соҳа вакиллари бу пайтларни туризм мавсуми, деб номлашади. Мавсум чоғида сайёҳлик объектлари, транспорт ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳалари маҳаллий ва хорижлик туристлар билан ҳар қачонгидан кўра гавжум бўлади. Ўтган йил бошланган пандемия сайёҳликка ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. Лекин бугун бошқа соҳалар қатори бу тармоқ ҳам секин-аста изга тушмоқда. Балки шунинг учун Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти бу йилги туризм мавсуми бошланишини байрамдек бошлади ва оммавий тадбирлар уюштирди.


Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида “Самарқанд – туризм маркази” шиори остида ташкил этилган маданий-кўнгилочар тадбирлар вилоят мусиқали драма театри олдидаги майдондан бошланди.
Театр жамоасининг чиқиши, самарқандлик таниқли хонандаларнинг куй-қўшиқлари, турли танлов ва викториналар, шоулар бир зумда аҳолини шу ерда жамлади. Самарқанд вилояти ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Нуруллаев меҳмонларни янги мавсум билан қутлади.


– Самарқандда туризм мавсуми аввало вилоят аҳли ва меҳмонлар учун қатор чегирма ва имтиёзлар билан бошланди, – деди Б.Нуруллаев. – Бугун Самарқанддаги барча тарихий обидаларга кириш бепул. Наврўз байрами кунлари маҳаллий авиарейсларда 50 фоиз, темирйўл транспортида 15 фоиз чегирмалар берилади. Шунингдек, бу йил вилоятимизда бир қатор янги туристик йўналишлар йўлга қўйилди. Зиёрат туризми учун кенг имконият ва қулайликлар яратилмоқда.
Тадбир иштирокчиларига лотерея ўйинлари ва викториналарда қатнашиб, юртимиз бўйлаб саёҳат чипталарига эга бўлди.
Самарқанд шаҳридаги сайёҳлик объектлари, тарихий обидаларда ҳам турли маданий дастурлар намойиш этилди.
Хуллас, бу йилги мавсум ҳар қачонгидан ўзгача бошланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА