1979 йилда қурилган Андижон аэропорти янги, замонавий қиёфага кирмоқда
Бугун юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар ва меҳмонлар сони ортаётгани, ташқи ва ички туризм ривожлангани сайин уларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, айниқса, йўловчи ташиш кўламини кенгайтириш долзарб аҳамиятга эга масалалардан ҳисобланади. Бу борада барча ҳудудларда кенг кўламли ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги қарори асосида Андижон халқаро аэропортида янги йўловчи терминали барпо этилмоқда. Янги терминалнинг қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишиш мақсадида “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти томонидан бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-тур ташкил этилди.
Андижон вилояти аҳолиси энг зич ҳудудлардан бири бўлиб, 3,5 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Вилоят Фарғона водийсининг шарқий қисмида жойлашган ва Қирғизистон билан бевосита чегарадош. Бундай географик жойлашув авиақатновларни ривожлантириш ва ҳудуднинг халқаро транспорт алоқаларини кенгайтириш учун катта салоҳият яратади.
Андижон аэропортининг амалдаги аэровокзал мажмуаси 1979 йилда қурилган бўлиб, умумий майдони атиги 2 402,4 квадрат метрни, ўтказувчанлик қуввати эса соатига 200 нафар йўловчини ташкил этади. 1995-1996 йилларда жўнаб кетиш ва келиш йўловчилари учун қўшимча заллар қурилган бўлса-да, шундан буён терминалда комплекс капитал реконструкция ишлари амалга оширилмаган.

Пресс-тур давомида Андижон халқаро аэропорти директори Соҳибжон Кенжаев ҳамда директорнинг ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринбосари Қобилжон Абдуназаров ОАВ вакилларига янги терминал имкониятлари ва қурилиш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берди.
– 2026 йил февраль ойидан бошланган қурилиш ишлари шу йил охиригача якунланиши режалаштирилган, – деди аэропорт директори С.Кенжаев. – Янги терминалнинг майдони 19 минг 650 квадрат метрни ташкил этади. Бу амалдаги терминалдан қарийб 8,2 баравар катта. Унинг ўтказувчанлик қуввати соатига 200 нафардан 1 000 нафаргача йўловчига ошади, яъни 5 баравар кўпаяди. Лойиҳа амалга оширилгач, аэропорт йилига 1,1 миллион нафаргача йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида аэропорт 91 минг 882 нафар йўловчига хизмат кўрсатди ва 690 та авиақатновни амалга оширди. Янги терминал ишга тушса, сезиларли ўсишга эришилади. Шу билан бирга, 150 та янги иш ўрни яратилади. Аэропорт яқинида меҳмонлар учун 300 кишилик меҳмонхона қурилади ҳамда 30-40 кишилик капсулалар ўрнатилади.
Янги аэропорт ҳудудида имконияти чекланган йўловчилар учун ҳам зарур шароитлар яратилади. Шунингдек, она ва бола хонаси, намозхоналар, таҳоратхоналар, замонавий кутиш зали кўзда тутилган, – деди директор.

Маълум қилинганидек, 2025 йил март ойида мавжуд учиш-қўниш йўлаги, РД-В рулилаш йўлаги ва ҳаво кемалари тураргоҳининг бир қисми реконструкция қилиниб, кенгайтирилди. Яъни, учиш-қўниш йўлагининг узунлиги 3 минг 300 метр, эни 60 метрдан иборат бўлиб, бетон қоплама қилинган. 5 дақиқа оралиғида 6 та ҳаво кемасини кетма-кет қабул қилиш имконияти яратилган.
Аэродром инфратузилмасини кейинги босқичда реконструкция қилиш доирасида йирик ҳаво кемалари учун 10 та автотураргоҳ, иккита янги рулилаш йўлаги, жумладан, битта тезкор рулилаш йўлаги барпо этилмоқда. Шунингдек, периметр хавфсизлиги ва электр таъминоти тизими модернизация қилинмоқда.

Ёруғлик-сигнализация қурилмалари ва периметр тўсиқларини ўрнатиш ишлари 95 фоизга, ҳудудни вертикал режалаштириш ишлари эса 90 фоизга бажарилган. Ёруғлик-сигнализация қурилмаларини ўрнатишда ҳаво туман бўлган вақтида 300 метргача кўриш масофасини ёритиб берувчи қурилмалар ўрнатилган. Бу иккинчи категория ҳисобланиб, ҳозиргача Тошкент, Самарқанд ва Навоий аэропортларида мавжуд эди.
Аэродром инфратузилмасининг модернизация қилиниши авиақатновлар ўсишига туртки берди. Шунингдек, аэропортга йирик, жумладан, кенг фюзеляжли ҳаво кемаларини қабул қилиш имкони яратилди. Жумладан, жорий йилнинг 3 июль куни Андижон ўз тарихида илк бор Флядеал авиакомпаниясининг Мадина — Андижон йўналишида 354 нафар йўловчидан иборат Аирбус А330 русумли мунтазам рейсини қабул қилди.

Тур давомида гувоҳи бўлганимиздек, бугун янги терминал биносида қурилиш-монтаж ишлари жадал давом этмоқда. Бош пудратчи — «MARIN BUSINESS TRADE» МЧЖ, бош лойиҳа ташкилоти эса — «PRIME TOWER GROUP» ҳисобланади. Бу ерда 150 дан ортиқ ишчи, мутахассис иш олиб бормоқда. Грунт сувларини чиқариб юбориш учун дренаж тизимини барпо этиш, пойдевор учун асосни тайёрлаш, пойдеворни бетонлаш ҳамда бино периметри бўйлаб сокол бетонини ётқизиш ишлари тўлиқ якунланган. Модулни йиғиш ишлари 100 фоиз бажарилган бўлиб, жами 13 минг 104 квадрат метр конструкция ўрнатилган. Биринчи қават полини бетонлаш ва арматура каркасини ўрнатиш ишлари 90 фоизга, том профнастилини монтаж қилиш эса 100 фоизга бажарилган. Айни пайтда қаватлараро тўсинлар, боғловчи металл конструкциялар ва фасад йўналтиргичларини ўрнатиш ишлари давом этмоқда.

Лойиҳа якунлангач, аэропорт йўловчи ва аэродром инфратузилмасининг сифат жиҳатидан янги даражасига чиқади. Маҳаллий ва хорижий меҳмонларга, ҳудуд аҳолисига сифатли ва замонавий хизматлар кўрсатиш имконияти кенгаяди, маҳаллий ва халқаро авиаташувлар сони ортади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА