1000 та янги талаба ўрни яратилди
Юртимизда олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, ёшлар учун замонавий ва муносиб таълим муҳитини яратиш устувор вазифага айланган. Бу борада амалга оширилаётган изчил ишлар, айниқса, ҳудудларда яратилаётган янги имкониятларда ўз ифодасини топмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил давомида республика бўйлаб олий таълим муассасаларида 7100 та янги талаба ўрни фойдаланишга топширилди. Бу таълим инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган ишлар тизимли тус олганини кўрсатади.
Эътиборли жиҳати, Жиззах вилояти ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этмоқда. Ҳудудда 1000 та янги талаба ўрни яратилгани ёшларни олий таълим билан қамраб олишни кенгайтириш, улар учун муносиб шароитлар яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу ўз навбатида таълим сифати ва имкониятлари тобора юксалаётганининг амалий кўрсаткичидир.
Сўнгги йилларда вилоятда олий таълим инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги ўқув бинолари барпо этилмоқда, талабалар турар жойлари қурилиб, мавжудлари реконструкция қилинмоқда. Натижада таълим олиш шароитлари замонавий талаблар асосида босқичма-босқич такомиллашмоқда.
Бу ишлар Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ги фармонида белгиланган вазифалар ижросининг амалий ифодасидир. Унга мувофиқ, қамровни кенгайтириш, инфратузилмани мустаҳкамлаш ва таълим сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Яратилаётган имкониятлар нафақат Жиззах ёшлари, балки қўшни ҳудудлардан келиб, таҳсил олаётган талабалар учун ҳам қулай муҳит яратиб, ҳудуднинг таълим салоҳиятини янада мустаҳкамламоқда.
Мутахассислар фикрича, талабалар ўринлари сонининг ортиши келгусида малакали кадрлар захирасини шакллантириш, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш ва рақобатбардош инсон капиталини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири