10 йиллик дўстлик йўли – Қардошликдан иттифоқчиликкача
Бугун Озарбайжоннинг етакчи давлат ахборот агентлиги – АзерТАЖ расмий веб-сайтида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов ва АзерТАЖ Бошқаруви Раиси Вугар Алиевнинг икки давлат ўртасидаги асрий теран илдизларга таянган яқин ҳамкорлик тарихи ва бугуни мухтасар тавсифланган мақола эълон қилинди:
Ўтмиш – бугуннинг пойдевори
Икки гуҳар ўрни бўлди бир дурж,
Икки қуёш авжи бўлди бир бурж,
Бир соғар аро тушуб ики мул,
Бир ғунча аро бутуб ики гул.
Ҳазрат Навоийнинг ушбу сатрлари ўзбек ва озар халқлари биродарлиги тарихи ва бугунги кунини ифодалаш учун жуда мос, назаримизда. Зеро, ягона илдиз, азалий дўстлик, умумий маънавий меросга эга элларимиз бугун ҳамумумий тараққиёт сари ишонч билан одимламоқда.
Тарих зарварақлари бу икки халқнинг тили, анъана ва урф-одатлари бир-бирига нечоғли яқинлигидан гувоҳлик беради. Масалан, XI-XIV асрлар оралиғида ҳукмронлик қилган Салжуқийлар салтанатида ҳозирги Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг салмоқли ҳудуди бир давлат таркибига кирган.
Темурийлар даврида бир-бирига янада яқинлашган бу икки халқ орасида қуда-андачилик муносабатлари йўлга қўйилгани, айрим темурий шаҳзодаларга озарбайжонлик мударрислар устозлик қилгани ҳам маълум.
Ўзбек генерали Собир Раҳимов Бокуда таҳсил олган, Самад Вурғун ва Абдулла Орипов ҳар икки элнинг “ўз шоири”га, Мақсуд Шайхзода эса “ўзбек фарзанди”га айланган. Бундай мисоллар саноқсиз...
Алҳол, Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари бугун мисли кўрилмаган юқори чўққига кўтарилгани мутлақо тасодиф эмас. Илло, охирги 10 йилни озар-ўзбек дўстлиги китобининг тож саҳифалари, десак ҳечам муболаға бўлмас...
Юксак манзиллар сари...
2016 йил Ўзбекистон ташқи сиёсатида бурилиш нуқтаси бўлди – Тошкент ташқи сиёсий фаолликни кескин оширди. Марказий Осиё, Кавказ ва туркий дунё билан муносабатларни қайта тиклаш ва чуқурлаштириш эса мамлакат янги ташқи сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Ана шу жараёнда Озарбайжон билан муносабатлар алоҳида аҳамият касб этиб, икки томонлама дипломатик алоқалар мутлақо янги босқичга кўтарилди.
Авваллари Ўзбекистон – Озарбайжон муносабати совуқ ёки зиддиятли бўлмаса-да, ўзаро алоқаларга юқори даражадаги стратегик суръат етишмасди. Икки давлат ўртасида тарих, маданият ва тил яқинлиги мавжуд ўлароқ, сиёсий мулоқот чекланган, иқтисодий айирбошлаш паст даражада эди. Айниқса, транспорт-логистика, энергетика ва минтақавий кооперация каби соҳаларда улкан салоҳият амалий натижага айланмаган. Айнан шундай мураккаб бир вазиятда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг сиёсий иродаси ва қатъий интилишлари, таъбир жоиз бўлса, “музлаган имкониятлар”ни ҳаракатга келтирди.
Тошкент ва Боку яқинлашувига бир неча омил туртки берди. Биринчидан, ҳар икки давлат ташқи сиёсатда кўп қиррали ёндашувни танлади. Иккинчидан, туркий давлатлар ўртасида интеграция жараёни кучайди. Учинчидан, Россия – Ғарб қарама-қаршилиги кучайиб бораётган шароитда Марказий Осиё ва Кавказни боғловчи янги транзит йўлакларига эҳтиёж ортди. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ва Озарбайжон географик жиҳатдан бир-бирини тўлдирувчи давлатларга айланди.
2017-2018 йиллардан бошлаб икки давлат раҳбарлари ўртасида мунтазам сиёсий мулоқот шаклланди. Олий даражадаги ташрифлар фақат рамзий дипломатик тадбирлар бўлиб қолмади, балки аниқ иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳалар билан тўлдирилди. Натижада муносабатлар декларатив форматдан амалий стратегик шериклик босқичига кўчди.
Муҳим жиҳат шундаки, Ўзбекистон Озарбайжонни нафақат Кавказ давлати, балки Марказий Осиёни жаҳон бозорларига боғловчи геостратегик кўприк сифатида кўра бошлади. Айниқса, Каспий орқали Европа йўналишига чиқиш масаласи Тошкент учун устувор аҳамият касб этди. Бу эса Бокунинг транспорт-логистика маркази сифатидаги ролини кучайтирди.
Сўнгги йилларда “Ўрта йўлак” деб аталувчи Транс-Каспий халқаро транспорт йўлаги икки давлат муносабатларининг муҳим геоиқтисодий устунига айланди. Хитой – Марказий Осиё – Кавказ – Европа йўналиши орқали товар айланмасини ошириш режаси Тошкент ва Боку манфаатларини бир нуқтада бирлаштирди. Россия орқали ўтувчи анъанавий йўналишларга муқобил транспорт тармоғига эҳтиёж кучайгани сари Ўзбекистон учун Озарбайжоннинг аҳамияти янада ортди.
Иқтисодий рақамлар ҳам муносабатдаги янги динамикани кўрсатади. Таҳлилларга кўра, 2016 йилдан кейин икки давлат ўртасидаги товар айланмаси бир неча баробар ортди. Айниқса, кейинги йилларда бу рақам барқарор ўсиш хусусиятини олди.
Энг муҳими, муносабатлар фақат иқтисодий прагматизм билан чекланиб қолмади. Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарияти муносабатларни “қардошлик”, “иттифоқчилик”, “туркий бирлик” каби сиёсий-цивилизацион тушунчалар билан бойитди. Бу эса ҳамкорликка мафкуравий ва маънавий таянч берди. Айниқса, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги яқинлашув икки мамлакат ўртасидаги сиёсий ишончни сезиларли даражада кучайтирди.
2024 йил муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди: икки давлат ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди. Мазкур ҳужжат алоқалар энг юқори сиёсий даражага чиққанини англатади. Шу тариқа Тошкент ва Боку муносабатлари стратегик шерикликдан узоқ муддатли геосиёсий мувофиқликка асосланган иттифоқчилик моделига кўтарилди.
Хуллас, Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари босқичма-босқич геоиқтисодий манфаат, транспорт хавфсизлиги, туркий интеграция ва минтақавий сиёсий яқинликка таянган шерикликка айланди. Бу яқинлашув тасодифий эмас, балки янги Евросиё геосиёсий муҳитида шаклланган прагматик ва узоқ муддатли манфаатлар инъикосидир.
Иқтисодий дипломатия, транспорт йўлаклари
ва энергетик манфаатлар уйғунлиги
Ҳозирги муносабатларнинг энг муҳим хусусиятларидан бири ҳамкорлик сиёсий баёнотлардан иқтисодий прагматизмга ўта бошлаганидир. Аввалги йилларда асосий урғу қардошлик ва маданий яқинликка берилган, кейинги босқичда транспорт, логистика, саноат кооперацияси ва инвестиция асосий йўналишларга айланди. Бу икки давлат алоқаларини ҳиссий дипломатиядан амалий геоиқтисодий шериклик даражасига олиб чиқди.
Ўзбекистон учун Озарбайжоннинг асосий стратегик аҳамияти Каспий минтақасидаги транзит имкониятида намоён бўлади. Денгизга чиқиш имкони бўлмаган Ўзбекистон ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилишга киришган. Айниқса, Россия орқали ўтувчи анъанавий транспорт тармоқларига геосиёсий босим кучайган шароитда Тошкент янги йўлаклар излашни тезлаштирди. Ана шу нуқтада Боку Марказий Осиёни Европа ва Қора денгиз бозорлари билан боғловчи муҳим тугунга айланди.
Боку – Тбилиси – Карс темир йўли, Алят халқаро денгиз порти ва Транс-Каспий транспорт инфратузилмаси Ўзбекистон ташқи иқтисодий стратегиясида тобора муҳим ўрин эгаллай бошлади. Хусусан, мамлакат юкларини Каспий орқали Озарбайжонга, кейин Туркия ва Европа бозорларига етказиш режаси сўнгги йилларда анча фаоллашди. Бу жараён фақат иқтисодий эмас, балки сиёсий мустақиллик нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, транспорт йўналишлари кўпайиши ташқи босимга қарамликни камайтиради.
2022 йилдан кейин Россия – Украина уруши туфайли глобал логистика тизими жиддий ўзгаришга учради. Жумладан, “Ўрта йўлак” лойиҳаси халқаро сиёсатнинг марказий мавзуларидан бирига айланди. Хитой ва Марказий Осиёдан Каспий денгизи орқали Озарбайжон, Грузия ва Туркияга чиқувчи мазкур йўналиш бир вақтнинг ўзида ҳам иқтисодий, ҳам геосиёсий аҳамият касб этди. Ўзбекистон айнан шу йўлакда фаол иштирокчи бўлишга интилди.
Боку эса бу жараёнда фақат транзит ҳудуд эмас, балки минтақавий логистика архитектурасининг марказий иштирокчиси сифатида ҳаракат қилди.
Озарбайжон ҳукумати сўнгги йилларда портлар, темир йўллар ва божхона инфратузилмасини модернизация қилишга катта маблағ йўналтирди. Бу эса Ўзбекистон учун ҳам янги иқтисодий имкониятлар яратмоқда.
Транспорт соҳасидаги яқинлашув саноат кооперацияси билан ҳам мустаҳкамланди. Хусусан, автомобиль саноати икки давлат муносабатлари янги йўналишига айланди. Ўзбекистоннинг “UzAuto Motors” компанияси ва Озарбайжондаги ҳамкорлар иштирокида Ҳожигабул саноат зонасида автомобил ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. Бу оддий йиғув корхонаси эмас, балки технология, капитал ва бозорни бирлаштиришга қаратилган саноат интеграцияси намунаси сифатида баҳоланди.
Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика соҳаларида ҳам кооперация лойиҳалари кенгайди. Муҳим жиҳат шундаки, икки давлат муносабатларида “харидор – сотувчи” модели эмас, балки қўшма ишлаб чиқариш механизми шакллана бошлади. Бундайёндашув муносабатларни изчил ва барқарор қиладиган омил ҳисобланади.
Инвестиция соҳасида ҳам янги босқич кузатилди. Ўзбекистон ва Озарбайжон қўшма инвестиция фонди ташкил этиш бўйича келишувга эришди. Ушбу жамғарма орқали энергетика, инфратузилма, қурилиш ва саноат лойиҳаларини молиялаштириш назарда тутилган. Айни механизм икки давлат муносабатларини декларатив сиёсий яқинликдан институционал иқтисодий шерикликка олиб ўтади.
Маълумки, энергетика соҳаси ўзаро муносабатларимизнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Бу борада икки давлат манфаатлари бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга. Озарбайжоннинг энергетика инфратузилмаси ва экспорт тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим модел сифатида кўрилади. Яъни, Каспий орқали энергия ташиш йўлаклари келажакда Марказий Осиё ресурсларини Ғарб бозорларига чиқаришда муҳим роль ўйнаши мумкин.
Сўнгги йилларда “яшил энергетика” соҳасидаги ҳамкорлик фаол муҳокама қилинмоқда. Озарбайжон Қора денгиз орқали Европа бозорларига “яшил энергия” экспорт қилиш стратегиясини илгари сурган. Ўзбекистон эса қайта тикланувчи энергия соҳасида йирик ислоҳотларни бошлаган. Шу сабабли келажакда мазкур соҳадаги ҳамкорлик янада чуқурлашиши эҳтимоли юқори.
Яна бир муҳим жиҳат – Ўзбекистон ва Озарбайжон ташқи иқтисодий сиёсатда бир-бири учун муқобил эмас, балки яқин шерик давлатларга айланмоқда. Марказий Осиё ва Кавказ ўртасидаги иқтисодий интеграция айнан шу икки давлат фаоллиги натижасида тезлашмоқда. Бу тенденция Евросиёда янги иқтисодий макон шаклланаётганини кўрсатади.
Ваҳоланки, Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларининг асосий мазмуни сиёсий баёнотларда эмас, балки транспорт йўлаклари, саноат кооперацияси, инвестиция механизми ва геоиқтисодий манфаатлар уйғунлигида намоён. Давлатларимиз ҳамкорлиги эндиликда янги минтақавий иқтисодий архитектура қурилишининг муҳим занжири сифатида эътироф этилмоқда.
Туркий дунё, хавфсизлик архитектураси ва Ўзбекистон – Озарбайжон иттифоқчилигининг келажак формуласи
Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларини фақат икки томонлама дипломатик алоқалар сифатида баҳолаш етарли эмас. Сўнгги йилларда бу яқинлашув кенгроқ геосиёсий жараён – туркий давлатлар интеграцияси, Евросиёдаги кучлар мувозанати ўзгариши ва янги минтақавий хавфсизлик манзараси шаклланиши билан узвий боғланди. Шу нуқтаи назардан, Тошкент ва Боку энди шунчаки ҳамкорлар эмас, балки янги сиёсий макон қурилишининг муҳим бўғинларидир.
2019 йил Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотига қўшилиши муносабатларда янги босқични бошлаб берди. Бу қарор ташқи сиёсатдаги рамзий қадам эмас, балки Тошкентнинг ўз геосиёсий идентификациясини қайта белгилай бошлаганини англатди. Ўзбекистон бир вақтлар туркий интеграцияга эҳтиёткор ёндашган бўлса, Президент Шавкат Мирзиёев даврида мазкур платформани ташқи сиёсатнинг муҳим воситаси сифатида қабул қилди.
Айни жараёнда Президент Илҳом Алиев раҳбарлигидаги Озарбайжон муҳим роль ўйнади.Зеро, Боку Туркия билан бир қаторда туркий интеграциянинг энг фаол сиёсий марказларидан бири ҳисобланади. Маълумки, Боку туркий давлатлар ўртасида транспорт, иқтисодиёт, таълим ва хавфсизлик соҳаларида чуқур кооперацияни илгари суриб келмоқда. Ўзбекистон эса демографик, иқтисодий ва географик салоҳияти билан тизимнинг марказий иштирокчисига айланиши мумкин. Шу боис икки давлат манфаатлари бир нуқтада кесишди.
Дарвоқе, туркий интеграция масаласи фақат маданий яқинлик билан чекланмай, иқтисодиёт ва хавфсизлик манфаатлари билан тўлдирилмоқда. Марказий Осиё ва Кавказни бирлаштирувчи транспорт йўлаклари, энергетика тармоқлари ва рақамли инфратузилмалар айнан туркий давлатлар ҳамкорлиги орқали шакллантирилмоқда. Натижада Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари институционал жиҳатдан янада мустаҳкамланяпти.
Айниқса 2020 йил Қорабоғ қайтарилиши билан Озарбайжон минтақада янги сиёсий вазнга эга бўлди. Ўзбекистон эса Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш орқали Боку билан сиёсий ишончни янада мустаҳкамлади.
Фузулий шаҳрида Ўзбекистон томонидан қурилган мактаб рамзий жиҳатдан жуда муҳим лойиҳа. Тошкент шу тариқа Қорабоғни тиклашда иштирок этиши, Озарбайжон билан узоқ муддатли стратегик шерикликка тайёрлигини намоён қилди. Бошқача айтганда, фақат сиёсий баёнотлар билан чекланмасдан, жараёнда амалий саъй-ҳаракати билан штирок этди.
Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларида хавфсизлик омили ҳам кучайиб бормоқда. Бу ҳарбий иттифоқчилик даражасида эмас, балки минтақавий барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан аҳамият касб этмоқда. Афғонистондаги вазият, трансмиллий таҳдидлар, кибернетика ва логистика хавфсизлиги масалалари икки давлат манфаатларини яқинлаштирмоқда.
Хусусан, транспорт йўлаклари фаоллашгани сари хавфсизликни таъминлаш масаласи ҳам долзарблашмоқда. Каспий – Кавказ – Марказий Осиё йўналиши фақат иқтисодий эмас, балки стратегик коммуникация тармоғига айланяпти. Бу эса Тошкент ва Боку ўртасида хавфсизлик соҳасидаги мувофиқлашув эҳтиёжини кучайтиради.
Ташқи сиёсатда ўхшаш ёндашувларга эга давлатларимиз йирик кучлар билан мувозанатли муносабат ўрнатишга ҳаракат қилади. Ўзбекистон ҳам, Озарбайжон ҳам ҳеч бир геосиёсий марказга қарам бўлишни истамайди. Айни жиҳат мамлакатларимизни кўп векторли дипломатия тарафдори сифатида бирлаштиради. Бундай услуб ҳам ўзаро муносабатларни барқарорлаштирувчи омилдир.
2024 йил имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ана шу жараённинг мантиқий натижасидир. Бу ҳужжат фақат дипломатик протокол эмас, балки Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатларининг янги сиёсий формуласи ҳисобланади. Энди муносабатлар “қардош халқлар” риторикаси билан эмас, балки аниқ геосиёсий ва геоиқтисодий манфаатлар тизими билан мустаҳкамланмоқда.
Келгуси йилларда мазкур иттифоқчиликнинг муваффақияти бир неча омилга боғлиқ бўлади. Биринчидан, транспорт йўлаклари реал иқтисодий самара бериши муҳим. Иккинчидан, саноат кооперацияси чуқурлашиши керак. Учинчидан, туркий интеграция маданий платформа даражасида қолиб кетмасдан, амалий иқтисодий механизмга айланиши талаб этилади.
Асосийси, Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари ҳозир минтақада энг самарали ва тез ривожланаётган ҳамкорлик моделларидан бири сифатида тан олинмоқда. Мазкур яқинлашув тасодифий сиёсий конъюнктура эмас, балки Евросиёда шаклланаётган янги геосиёсий муҳит, транспорт занжири ва минтақавий интеграция эҳтиёжининг табиий натижасидир.
Хотима
Сўзимиз якунида яна бир бор ғойибона ўтмишга қайтишни ихтиёр этдик. Маълумки, Озарбайжон ва Ўзбекистон халқлари тарихи икки элнинг барча замонлардаги буюк мутафаккирлари ижодида акс этиб, авлодлар оша умумий мерос сифатида ўтиб келмоқда. Мумтоз адабиётимиз тарихига назар ташласак, Озарбайжон адабиётининг буюк сиймоларидан бири шоир Низомий Ганжавий ижоди ўзбек адабиётига беқиёс таъсир кўрсатганига гувоҳ бўламиз.
Нафақат ўзбек, балки бутун туркий халқлар адабиётининг буюк намояндаси, мутафаккир шоир, олим, давлат ва жамоат арбоби, илм ва адабиёт ҳомийси бўлмиш Алишер Навоий ўзининг шоҳ асари – “Хамса” достонини битаркан, Низомий анъанасини давом эттириб, ягона тилимиз қудратини намойиш этди. Кейинчалик Навоий ҳам Озарбайжон адабиётида устоз сифатида эътироф этилган. Озар адабиётининг кўркам вакилларидан бири Муҳамад Фузулий Навоийни устоз деб, унга эргашиб ғазалларига назиралар битди. Шунинг баробарида ўзбек адабиётининг кўплаб намояндалари Фузулийни ўзига устоз сифатида билди. Умуман, Низомий ва Навоийнинг ғойибона мулоқоти ўлароқ бир занжир боғландики, бу риштанинг мустаҳкам халқалари Фузулий, Насимий, Воқиф, Огаҳий, Муқимий, Хоразмий тимсолида намоён. Зеро, “Тошкентнома” битган Шайхзодани ўзбек қай даражада қадрласа, “Озарбайжон” шеъри муаллифи Абдулла Орифнинг сатрларини ҳар бир озар шундайин осон, таржимонсиз тушунади.
Ожиз фикримизни ҳеч бир калом улуғ озар шоири Низомий Ганжавийнинг асрлар қаърини ёриб, ҳамон аниқ-тиниқ янграб турган нидосидек англатолмас:
Дўстлар дўст бўлса-ю, бир тин ила нафас олсалар,
Юз ғам чекиниб, аларга сира қайтиб келмаслар.
Асл биродарлик мудом завол кўрмагай, иншооллоҳ!
Абдусаид Кўчимов,
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА Бош директори,
Вугар Алиев,
Озарбайжон давлат ахборот агентлиги – АзерТАЖ Бошқаруви Раиси