1 миллиард сўмдан ортиқ нақд пул киримлари кучайтирилган назоратга олиниши мумкин
Ўзбекистон Марказий банки жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни таклиф қилди.
Мазкур лойиҳа 4 апрелгача жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Лойиҳага кўра, банк ҳисобварақларида айрим операциялар «юқори даражадаги таваккалчилик» ёки «шубҳали операция» сифатида баҳоланиши мумкин. Жумладан, 30 кун ичида жисмоний шахс ҳисобрақамига 1,03 млрд. сўмдан (БҲМнинг 2500 баравари) ортиқ нақд пул кирими амалга оширилса, бундай операциялар қўшимча мониторингдан ўтказилади. Марказий банкнинг қайд этишича, катта миқдордаги нақд пул ҳаракатлари маблағларни яшириш ёки жиноий даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Шунингдек, 16 ёшга тўлмаган шахслар ҳисобварақларида маблағларнинг кескин ҳаракати ҳам гумонли операция сифатида баҳоланиши мумкин. Хусусан, икки иш куни мобайнида БҲМнинг 40 бараваридан (16,48 млн. сўм) ортиқ маблағ айланмаси кузатилса, банклар бундай операцияларни алоҳида назоратга олади.
Марказий банк изоҳига кўра, 16 ёшга тўлмаган шахслар мустақил равишда йирик молиявий қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга эмас. Шу боис, уларнинг ҳисобварақларида қисқа вақт ичида катта маблағ ҳаракати учинчи шахслар томонидан ҳисобдан фойдаланиш, фирибгарлик схемалари ёки ноқонуний фаолият билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, 30 кун давомида БҲМнинг 1000 бараварига (412 млн. сўм) тенг ёки ундан ортиқ маблағларнинг FATF томонидан кучайтирилган мониторинг остидаги давлатлардан келиб тушиши ёки ушбу давлатларга ўтказилиши ҳам шубҳали операция сифатида баҳоланиши мумкин.
Шу билан бирга, карта ёки электрон ҳамёнларга 412 млн. сўмдан ортиқ маблағ тушиши бўйича мезон кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида эскроу ҳисобварақлари орқали амалга оширилган операцияларга татбиқ этилмайди.
Лойиҳа, шунингдек, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун импорт шартномалари бўйича назорат мезонларини ҳам аниқлаштирмоқда. Агар импорт шартномаси доирасида дебиторлик қарзини хизмат ёки товар орқали қоплаш амалга оширилса ва операция суммаси 30 кун давомида 1,236 млрд. сўмга (БҲМнинг 3000 баравари) етса, бундай ҳолатлар шубҳали операция сифатида баҳоланиши мумкин.
Янги ўзгартишларда юқори таваккалчилик тоифасига киритиладиган мижозлар доираси ҳам қайта кўриб чиқилмоқда. Жумладан, номинант таъсисчиларга эга юридик шахсларни ушбу тоифага киритиш таклиф этилган. Марказий банк маълумотига кўра, бундай тузилмалар ҳақиқий мулкдорларни яшириш ва молиявий операцияларнинг мақсадини аниқлашни қийинлаштириши мумкин.
Шунингдек, банклар шубҳали операциялар бўйича комплекс таҳлил ўтказиши шарт бўлади. Бунда транзакция иштирокчилари ҳақидаги маълумотлар, маблағ манбалари, операциялар географияси ва иштирокчилар ўртасидаги боғлиқликлар ўрганилади. Зарур ҳолларда ваколатли органларга хабар берилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа доирасида 10,3 млн. сўмдан юқори пул ўтказмалари бўйича ҳам қўшимча маълумотларни тақдим этиш талабини жорий этиш режалаштирилган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА