“Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ тизимига ишга киритиб қўйиш 1100 АҚШ долларига баҳоланди
Бу ҳақда коррупцияга қарши курашиш бўйича Сирдарё вилоят ҳудудий идоралараро комиссиясининг Ховос шаҳарчасидаги “Темир йўлчилар саройи”да бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида айтиб ўтилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда фуқаро А.нинг аризасига асосан жорий йилнинг 31 январь куни ўтказилган тезкор тадбирда, “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖга қарашли Ховос тумани сигнализациялаш ва алоқа масофаси корхонаси машинисти Ш. фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида пора беришга далолат қилиб, ўзининг танишлари орқали фуқаро А.ни “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ тизимига ишга киритиб қўйиш эвазига 1100 АҚШ доллари талаб қилиб, ундан кимёвий ишлов берилган 1100 АҚШ долларни Ховос тумани ҳокимлиги маъмурий биноси ёнида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шундан сўнг Ш.нинг аризасига асосан тезкор тадбир давом эттирилганда, “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖнинг “Ўзбекистон” локомотив депоси қўриқлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Х. фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида бир гуруҳ бўлиб, олдиндан тил бириктириб, пора беришга далолат қилиб, Ш.дан фуқаро А.ни “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ тизимига ишга киритиб қўйиш эвазига кимёвий ишлов берилган 1100 АҚШ долларини Тошкент шаҳар “Чилонзор” метро бекати ёнидаги автотураргоҳда олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу ҳақда коррупцияга қарши курашиш бўйича Сирдарё вилоят ҳудудий идоралараро комиссиясининг Ховос шаҳарчасидаги “Темир йўлчилар саройи”да бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида айтиб ўтилди.
Йиғилишда комиссия раиси, вилоят прокурори Р.Машарипов, Республика Транспорт прокурори М.Ходжаев, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Мавлонов, комиссия аъзолари, “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖга қарашли Ховос тумани сигнализациялаш ва алоқа масофаси корхонаси, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Мирзаобод туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.