“Ўзбекистон ҳаво йўллари”: ишончли парвоз
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 28 январь куни ўзининг 23 йиллигини нишонлайди. Президентимиз Ислом Каримов айнан шу санада мустақил давлатимиз ҳаётида янги саҳифа очган фармонни имзолаган эди.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 28 январь куни ўзининг 23 йиллигини нишонлайди. Президентимиз Ислом Каримов айнан шу санада мустақил давлатимиз ҳаётида янги саҳифа очган фармонни имзолаган эди.Пойтахтимизда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ташкил этилган санага бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ўтган йилларда эришилган муваффақиятлар ва миллий авиакомпанияни ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз юритилди.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бош директори Валерий Тян давлатимиз раҳбарининг эътибори ва қўллаб-қувватлаши самарасида миллий авиакомпания йўловчиларга хавфсиз ва қулай парвозларни таъминлаётганини таъкидлади. Ушбу мезонлар айни пайтда авиапаркни янгилаш, ердаги инфратузилмаларни модернизация қилиш доирасида миллий авиакомпания фаолиятида муҳим саналади.
Тадбирда илғор техника ва технологияларсиз бундай юксак мақсадларга эришиб бўлмаслиги қайд этилди. Айни пайтда миллий авиакомпания паркида қатор замонавий самолётлар, жумладан, ўнта А320 ва тўртта Boeing-767-300ER ҳаво лайнери мавжуд. Бугунги кунда мамлакатимиз миллий байроғи ранглари билан безатилган лайнерлар дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатига парвоз қилмоқда. 2016 йилда келтириладиган иккита Boeing-787-8 Dreamliner самолёти мустақил Ватанимиз фуқаро авиацияси учун янги уфқлар очиши шубҳасиз.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, “Навоий” аэропорти негизидаги халқаро интермодал логистика марказида юк ташиш ҳажмини ошириш масаласи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг диққат марказида турибди. Ушбу марказ очилганидан буён дунёнинг турли мамлакатларига 200 минг тоннадан ортиқ юк ташилди. Авиакомпаниянинг юк ташиш ҳажмини ошириш ва ривожлантириш мақсадида иккита Boeing русумли йўловчи самолёти замонавий юк ташиш лайнерига айлантирилди. Ушбу самолётларнинг юк кўтариш ҳажми 53 тонна бўлиб, шовқиннинг тўртинчи даражаси бўйича сертификатланган. Бу кечки пайтда парвозлар учун чекловлар мавжуд бўлган аэропортларга қўниш ва учишга имкон беради.
Ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш ва уларнинг яроқлилик муддатини таъминлаш авиакомпания фаолиятида муҳим ўрин тутади. Бу борада “Uzbekistan Airways Technics” авиакорхонасининг хизмати беқиёс. Ушбу авиакорхонанинг техник базаси ва юқори малакали мутахассислари туфайли миллий авиаташувчимиз самолётлари билан бир қаторда хорижий компаниялар лайнерларига ҳам линияли ва таянч техник хизмат кўрсатилмоқда. “Uzbekistan Airways Technics” негизида Композицион материаллардан тайёрланган самолётлар конструкцияларининг йирик қисмларини таъмирлаш марказини очиш бўйича “Boeing” компанияси билан ҳамкорликда лойиҳа амалга оширилмоқда.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси мутахассисларининг таъкидлашича, кадрлар тайёрлаш тизимининг мунтазам такомиллаштирилаётгани компания фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. Ўқитиш билан бир қаторда учувчилар, борт кузатувчилари, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мутахассисларининг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Авиакомпаниянинг Ўқув-машғулот марказидаги тренажёр мажмуасида Boeing-757/767, А320 ҳаво кемалари учун тренажёрлар ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган Ил-114-100 самолётига мўлжалланган ўзига хос “Full-flight” симулятори ўрнатилган. Улар учувчилар таркибини реал шароитларга яқинлаштирилган ҳолда ўқитиш имконини бермоқда. Айни пайтда А320 ҳаво лайнерининг “Full-flight” симуляторини харид қилиш масаласи ўрганиб чиқилмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, “Урганч” аэропортида соатига 300 кишини ўтказиш қувватига эга иккита йўловчи терминалининг ишга туширилиши авиаташувлар тизимини янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Шунингдек, “Тошкент”, “Бухоро”, “Навоий”, “Самарқанд” ва “Фарғона” аэропортларида ҳам янги йўловчи терминаллари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Соатига 1,3 мингдан зиёд йўловчини ўтказиш қувватига эга “Тошкент” аэропортида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва қулайликлар яратиш мақсадида учиб кетадиган йўловчилар учун янги блок ва халқаро талабларга мос равишда жиҳозланган маҳаллий йўналишлар терминали ҳамда транзит зали фойдаланишга топширилди. Тез орада “Наманган” аэропортида янги учиш-қўниш полосаси фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Бунинг самарасида ҳаво кемаларини чекловларсиз қабул қилиш имконияти юзага келади.
Миллий авиакомпания ўз фаолиятини мунтазам такомиллаштириб бораётгани самарасида янги марралар забт этилмоқда. 2014 йил якунларига кўра, 23 минг 811 парвоз амалга оширилиб, 2 миллион 625 мингдан зиёд йўловчи ўз манзилига етказилган. Айни пайтда юк ташиш, жумладан, почта ва пуллик багаж кўрсаткичи 42 минг 812 тоннадан зиёдни ташкил қилди. 2014 йил якунларига кўра, “Навоий” аэропорти негизидаги халқаро интермодал логистика маркази орқали юк ташиш ҳажми 30,9 минг тоннадан ошди. Бу 2013 йилги кўрсаткичдан 24 фоиз кўпдир. Ўтган йили Сингапур ва Хабаровск шаҳрига янги йўналишлар очилди, Урумчи шаҳрига иккинчи қатнов йўлга қўйилди. Шунингдек, Амритсар ва Деҳли шаҳарларига кундалик қатновлар икки баробар кўпайтирилди. Рига шаҳрига тўғридан-тўғри ва маҳаллий Бухоро – Фарғона қатнови амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз туристик салоҳиятини ривожлантириш мақсадида жорий йилда европалик сайёҳлар учун маъқул бўладиган Франкфурт шаҳридан Урганчга янги қатновлар амалга оширилади. Шунингдек, Тошкент – Минск йўналишини очиш режалаштирилмоқда.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг катта жамоаси хавфсиз, барқарор ва қулай авиаташувларни таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солади.