Ўзбек адибининг китоби қирғиз тилида чоп этилди
Ўш давлат университетида “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” шиори остида адабий, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўш давлат университетида “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” шиори остида адабий, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Маълумки, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат раҳбарлари учрашувлари доирасида қўшни ўзбек ва қирғиз халқлари манфаатларига хизмат қилувчи қатор келишувлар имзоланди. Бу келишувлар дўстлик, қўшничилик, икки давлат ўртасидаги иқтисодий, маданий, адабий муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида янги саҳифа очди.
Маданият, таълим, илм-фан, санъат, адабиёт йўналишларида, айниқса, қўшни Андижон ҳамда Ўш вилоятлари ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Андижон ва Ўшдаги олий ўқув юртлари, мактаблар, ижодий жамоалар ўртасида ҳамкорлик бўйича илк қадамлар қўйилди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида турли тадбир, форум ва фестиваллар доирасида Андижонда қирғизистонлик, Ўшда эса андижонлик ёзувчи, шоирлар, санъаткорлар иштирокида кўплаб тадбирлар ўтказилганлиги икки халқ вакилларини янада яқинлаштирмоқда.


Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан Ўш шаҳрига уюштирилган ижодий сафар доирасида “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” шиори остида бўлиб ўтган адабий, маънавий-маърифий тадбир ҳам ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.
Кенг жамоатчилик вакиллари, олимлар, ёзувчи, шиор, санъаткор ва талабалар иштирокида Ўш давлат университетида ташкил этилган тадбирда икки қардош халқ ўртасида маданий, адабий алоқалар ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 16-17 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида Андижон вилоятидаги таълим қирғиз тилида олиб борилаётган мактаб ўқувчилари учун ўзбек адиблари асарларини қирғиз тилига таржима қилиш, эҳтиёжга қараб нашр этиш, бу борада қирғизистонлик ижодкорлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича топшириқлар берган эди.
Ана шу топшириқ асосида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони, Ойбекнинг “Болалик” қиссаси, Ғафур Ғуломнинг “Шеърлар” китоби, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси”, “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китоби, шунингдек, Андижондаги “Ҳаёт” нашриётида ўзбек халқ эртакларидан намуналар жамланган “Ҳунарнинг хосияти” номли китоблар қирғиз тилига таржима қилиниб, нашр этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу борада андижонлик ва қирғизистонлик ижодкорлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйилган. Жумладан, Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси Ўш бўлими раиси Тўрабай Жороев томонидан андижонлик истеъдодли адиб Баҳодир Андижоний (Исроилов)нинг “Заршода” (“Зер седеп”) шеърий китоби қирғиз тилига таржима қилиниб, чоп этилган бўлса, жалолободлик шоир ва таржимон Қурбон Саттор Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раиси, шоира Хуршиданинг юзга яқин шеърларини қирғиз тилига таржима қилди.

Тадбир доирасида Баҳодир Андижоний (Исроилов)нинг қирғиз тилида чоп этилган “Зер седеп” шеърий китобининг тақдимоти ўтказилди.
– Ўзбек ва қирғиз ёзувчи, шоирлари ўртасида ҳамкорлик энг аввало, дини, тили, дили, суви, тарихи бир бўлган қўшни икки халқ дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси Ўш бўлими раиси Тўрабай Жороев. – Қолаверса, ўзбекистонлик адиблар асарларини таржима қилиш, қирғиз халқи, айниқса, ёшларига ўзбек адабиётини яқиндан билишга, уларнинг ижоди билан яқиндан танишишга имкон беради.
Тақдимотда сўз олган ёзувчи ва адабиётшунослар таржимашунослик борасидаги ҳамкорлик, “Зер седеп” китоби таржимасининг даражаси, аҳамияти, ўрни, роли ҳамда Баҳодир Андижоний ижоди хусусида фикр юритди.
Ўш давлат университети талабалари шоир шеърларини ўзбек ва қирғиз тилларида ўқиб берди. Санъаткорлар томонидан китоб муаллифи шеърлари асосида яратилган қўшиқлар ижро этилгани тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.

– Ушбу тадбир ва китоб тақдимоти жамоамиз, айниқса, талабаларимизга жуда манзур бўлди, – дейди Ўш давлат университети филология факультети декани Нурмомад Тургонбаев. – Очиғи, анчадан буён университетимизда бундай самимий, дўстона, шеър ва қўшиқларга бой тадбир бўлмаган эди. Ишонаманки, икки қардош халқ ижодкорлари ҳамкорлиги, нафақат ижодкорлар, ёшлар, балки халқимиз ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлайди.
Юртидан айрилган ўша Бобурман,
Оҳлари Аллоҳга етган Бобурман.
Фиғоним сиғмайин саҳни оламга,
Қондошин ёғийга сотган Бобурман.
...
Бир умр муқаддас Ватан номини,
Баланд овоз бирлан айтган Бобурман.
Ўзига хос маҳорат, тажриба бирлан,
Суронли жангларда ютган Бобурман.
...
Истиқлол зиёси ёритиб йўлин,
Бугун Андижонга қайтган Бобурман.
...
Тангримга шукрки, руҳим Сиздан шод,
Шу кунни беш юз йил кутган Бобурман.
Очиб Баҳодирга илҳом булоғин,
Ғазал ёз деб, қалам тутган Мирзо Бобурман.
Баҳодир Андижонийнинг ушбу мисралари асосида Бобур номидаги Андижон вилояти мусиқали драма театри актёри Зафарбек Саидбурхонов томонидан шоҳ ва шоир Бобур тимсолида ижро этилган саҳна кўриниши барчанинг қалбига ўзгача шукуҳ бағишлади.
- Ушбу тадбир, китоб тақдимоти орқали ўзбек ижодкорлари, уларнинг ижоди ҳақида кўп маълумотлар олдим, - дейди Ўш давлат университети талабаси Нуржамол Талайбекова. – Биз ёшлар бу каби тадбирларнинг тез-тез ўтказилишини, ўзбек адибларининг асарларини қирғиз тилида кўпроқ ўқишни истаймиз.
Дўстона ва самимий руҳда ўтган ушбу тадбир ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлигини, икки халқ ижодкорларининг адабий ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.