«Ўқувчим 35 та университетга қабул қилинди»
Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир» деган фикрлари бугунги масаламизда жуда топиб айтилгандай, назаримда.
Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир» деган фикрлари бугунги масаламизда жуда топиб айтилгандай, назаримда.
Бугунги ёшларимизнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш, янги ғоя ва иқтидорларини тўла намоён этишларида умумий ўрта таълим мактабларининг алоҳида ўрни бор.
Кейинги йилларда мактабларга 11 йиллик таълимни қайтарилиши ёшларнинг ватанпарвар, юксак маънавият эгалари бўлиб улғайишларига хизмат қилмоқда.
Аслида ҳам ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактабдан бошланганини кўрамиз. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир.
Фидоий ва жонкуяр устозлар ўқувчиларнинг фанларни тўла ўзлаштиришлари, халқаро майдонда ҳам ўз иқтидорларини намоён этишлари учун ўқувчиларга замонавий педагогик таълим стандартлари асосида бор меҳр-муҳаббатни бериб меҳнат қилмоқда. Бу эса амалда ўзини тўла-тўкис оқламоқда.
Ана шундай иқтидорли ёшлар Юнусобод туманидаги 250-мактаб ўқувчилари орасидан ҳам кўпчиликни ташкил этади. Мисол учун, 2019-2020-ўқув йили битирувчилари Гулируҳбону Шокирова ва Абдулборис Миркомилов эришган ютуқлар устозларга фахр-ифтихор бағишлайди.
Улар эришган ютуқлар нафақат мактаб ўқувчиларига, балки республикамиз ёшларига ҳам намунадир. Гулируҳбону Шокирова ва Абдулборис Миркомилов бошланғич синфлигидаёқ мактаб ва туман миқёсида ўтказиладиган фан олимпиадаси ва турли кўрик-танловларда фаол иштирок этиб фахрли ўринларни қўлга киритган. Бу интилиш, келажакка бўлган ишонч ўқувчиларни юқори синфларга ўтиш давомида серқирра иқтидорлари ва интеллектуал билимлари билан турли мусобақа ва беллашувлардаги иштирокида аниқланиб борди.
Гулируҳбону Шокирова она тили ва адабиёт фанларидан бўлиб ўтган билимлар беллашуви ҳамда фан олимпиадаларининг туман ва шаҳар босқичларида фахрли I–II ўринларни қўлга киритган. Шунингдек, турли мавзуларда ўтказилган иншолар танловнинг Республика босқичида ҳам муносиб ўринларга сазовор бўлган.
Гулируҳбону Шокирова юртимизнинг бахтли қизларидан бири. У Юнусобод туманидаги 250-мактабнинг «Олтин медаль» билан тамомлаган илк қалдирғочларидан ҳисобланади.
Шу таълим масканининг яна бир иқтидор эгаси Абдулворис Миркомилов эса математика фанидан туман ва шаҳар босқичларида ўтказилган билимлар беллашуви, фан олимпиадаларида муносиб иштирок этиб фахрли ўринларга эга бўлган. Ҳар иккала ўқувчиларининг хорижий тилларга бўлган қизиқишлари Халқаро инглиз тилини билиш даражасида топширган имтиҳон натижалари Гулируҳбону Шокировага 7 балл, Абдулборис Миркомиловга эса 5,5 балл билан баҳоланди.
Ҳар бир эзгу ҳаракат ўз самарасини беради деганларидек, юқорида номлари зикр этилган бугунги кун ёшлари жаҳоннинг энг нуфузли университетларига ҳужжат топшириб талабалик бахтига мушарраф бўлди.
Гулируҳбону Шокирова 33 та, Абдулборис Миркомилов 35 та университетига талабаликка қабул қилинди.
Албатта, ўқувчиларининг бу каби қўлга киритаётган юксак ютуқлари келажак авлодга намуна, устоз-мураббийларга фахр-ифтиҳор, ота-оналарга фарзандлар камолини кўришдек, олий бахтни тортиқ айламоқда.
Мухтасар айтганда, буларнинг барчаси ёш авлоднинг пухта ва сифатли билим олиши, ўзи қизиққан йўналиши бўйича касб-ҳунар эгаллашига давлатимиз томонидан кўрсатилаётган катта эътиборнинг амалдаги ифодасидир.
Моҳидил Менглиева,
Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 250-мактаб
она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси