Ўқув йили янги бинода бошланди
Андижон вилоятида жорий йил 26 та умумтаълим мактаби капитал реконструкция қилинди.
Андижон вилоятида жорий йил 26 та умумтаълим мактаби капитал реконструкция қилинди. Бу ишлар учун 85,7 миллиард сўм маблағ сарфланди. Марҳамат тумани "Мингтепа" маҳалла фуқаролар йиғинидаги 540 ўринли 47-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ҳам ана шу таълим масканларидан биридир.
Умумий лойиҳа қиймати 3 миллиард 50 миллион сўм бўлган 2 қаватли мазкур таълим масканининг қурилиш-таъмирлаш ишлари тумандаги “Бунёдкор дўст” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилди.
Таълим муассасасида ўқувчиларнинг пухта билим олиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароит яратилган. Хусусан, 32 ўқув, шунингдек, физика, кимё ўқув-лаборатория, компьютер хоналари, ахборот-ресурс маркази тегишли кўргазмали воситалар, зарур жиҳозлар билан таъминланган. Айниқса, замонавий компьютерлар билан жиҳозланган синф хоналари ўқувчиларга манзур бўлмоқда.
– Капитал таъмирланган мактабда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқитувчиларнинг иш шароитини яхшилаш учун зарур барча шароит яратилган, – дейди мактаб директори Жумагул Шербоева. – Президентимиз раҳбарлигида халқ таълими ривожига кўрсатилаётган эътибордан, биз, педагогларга яратиб берилаётган имкониятлардан беҳад мамнунмиз.
Эндиликда мактабнинг капитал таъмирланган биносида 540 нафар ўғил-қиз бир сменада ўқиш имконига эга бўлди. Бу янги ўқув йилига ўқувчилар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.