Қонунлар ижроси прокурор назоратда
Ишчи гуруҳ тадбиркорлик субъектлари муаммоларини ўрганиш ва уларнинг фаолиятини қайта тиклашга кўмак берди.
Бухоро вилояти Қоровулбозор туман прокуратураси томонидан жорий йилнинг 6 ойида ҳудудда қонунийликни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар олиб борилди.
– Қонунларнинг ижро этилиши устидан прокурор назоратини амалга ошириш борасида ўтказилган 57 та ўрганишлар натижасига кўра, 125 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди, – дейди Қоровулбозор туман прокурори, адлия маслаҳатчиси С.Қурбонов. – Протест келтириш йўли билан мансабдор шахсларнинг 24 та қонунга зид ва асоссиз ҳуқуқий ҳужжатлари қонунларга мувофиқлаштирилди. Аниқланган қонунбузилишлар бартараф этилди. Қонуннинг бузилишига йўл қўймаслик мақсадида 48 нафар мансабдор шахслар расман огоҳлантирилди. 25 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди. Давлатга етказилган 2 миллион 967 минг сўмлик зарар ҳуқуқбузарлар томонидан ихтиёрий қопланди. ФИБ туманлараро судига 3 миллиард 710 миллион 475 минг сўмлик 3 та даъво аризалари киритилиб, 216 нафар фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, шу жумладан кўп болали, кам таъминланган оилалар, шунингдек, ногирон ва қарияларни ижтимоий муҳофазасини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу соҳада ўтказилган ўрганишлар натижаси бўйича 47 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди.
Туман прокуратураси томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, фуқаролар қабулини ташкил этиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилди. Жорий йилнинг 6 ойида туманда 150 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлсада, амалда 109 та лойиҳалар бўйича 378 та янги иш ўрни яратилди. Хусусан, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар режа-дастури ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур дастур билан тасдиқланган график асосида тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказилди. Уларнинг фаолиятини ривожлантириш юзасидан таклифлар берилди, юзага келаётган муаммолар бартараф этилди.
Туманда жорий йил июль ҳолатида жами 430дан ортиқ кичик бизнес субъектлари давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, пандемия шароитида уларнинг ўндан ортиғи юзага келган турли муаммолар туфайли ўз фаолиятини тўхтатган. Мазкур тадбиркорларнинг фаолиятини тиклаш мақсадида ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ ушбу тадбиркорлик субъектлари муаммоларини ўрганиш ва уларнинг фаолиятини қайта тиклашга кўмак берди.
Пандемия туфайли тумандаги юзлаб субъектларнинг (Булар ичида АЁҚШлар, меҳмонхона, транспорт, улгуржи ва чакана савдо, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш, қурилиш, умумовқатланиш шохобчалари, ЯТТлар ва бошқалар) фаолияти тўхташи натижасида 5 567 миллион сўмлик солиқ суммаси йўқотилиши кузатилди. Демак, бу ҳам тадбиркорга, ҳам фуқароларга, ҳам давлатга зарар келтирмоқда.
Бугунги кунда фаолиятини тиклаш лозим бўлган 2 та корхона (“Садриддин Бобо чорваси” МЧЖ ва “Азизбек Бўзачи омади” МЧЖ) тикланиб, уларда 5 нафар ишчи ходимлар иш билан банд бўлди. Пандемия вақтида фаолиятини тўхтатган 3 та корхоналарни қайта ишга тиклаш ҳисобига 3 нафар аҳоли бандлиги таъминланди.
Туманда янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, фуқароларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Прокурор секторида 2 та маҳаллада жами 915 та хонадон, 1079 та оила, 4017 нафар аҳоли мавжуд. Шундан 32 нафари эҳтиёжманд фуқаролар ҳисобланади. Ҳудудда, 22 та ижтимоий ҳимояга муҳтож, 54 та ногиронлиги бўлган, 10 та карантин даврида даромад манбаидан маҳрум бўлган хонадонлар аниқланди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 8 та ташаббускор тадбиркорлик субъектлари бириктирилиб, бугунги кунга қадар ушбу оилаларга 202 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиши билан бирга, бошқа турдаги ёрдамлар ҳам кўрсатилди. Меҳнатга лаёқатли бўлган 29 нафар ишсиз фуқаролар иш билан таъминланди.
Масъул ташкилотлар билан биргаликда камбағал оилаларга иссиқхона ташкил этиш учун 5 нафар фуқарога 1 сотихдан иссиқхона қуриб бериш орқали жами 33,4 миллион сўм субсидия ажратилиб, ушбу фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
Жорий йилнинг ўтган даврида тижорат банклари орқали туман бўйича 12 нафар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга 230 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Шунингдек, секторда яшовчи М.Хайриева ва Д.Қобиловаларга тикувчилик дастгоҳлари ҳамда М.Жўраевга чорвачилик учун қорамол олиб берилиб, уларнинг бандлиги таъминланди.
Секторда «Ҳар бир оила – тадбиркор» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида 100 та хонадонда 1,-1,5 сотихли иссиқхоналар ташкил қилиш учун рўйхат шакллантирилди. Ҳозирги кунда масъул ташкилотлар билан шартномалар тузилиб, тижорат банклари орқали кредитлар расмийлаштирилмоқда.