“Ўлим рўйхатидан” жой олганлар ёхуд “Ўткан кунлар”ни ўқигани учун 25 йилга қамалганлар
Бу инсонлар ким эди? Улар қайси хатти-ҳаракатлари билан тоталитар тузумнинг душманларига айланиб қолдилар?
1951 йил 28 февраль кечаси Тошкентнинг қадимий кўчаларидан бирида ҳарбий кийимдаги бир неча совуқ қадамли кимсалар изғишди. Улар фуқаро Ҳайдар Салимов (1898), Саидакбар Маҳмудхўжаев (1887), Пирмат Холматов (1893) ва Соҳиб Назарбоев (1882)ларни Ўзбекистон ССР Жиноят Кодексининг 66-моддаси II қисми ва 67-моддалари билан айбдор деб топиб қамоққа олдилар.
Хўш, бу инсонлар ким эди? Улар қайси хатти-ҳаракатлари билан тоталитар тузумнинг душманларига айланиб қолдилар, унинг навбатдаги “ўлим рўйхатидан” жой олдилар?
ФАЙЗУЛЛА ХЎЖАЕВ ШАХСИЙ КОТИБИНИНГ ШОГИРДИ
Ҳайдар Салимов 1898 йил Тошкентнинг Шайх Хованди Тоҳур мавзеси, “5-мерганча” маҳалласида туғилган. Унинг отаси маҳаллада кичик бир чойхонанинг эгаси эди. Бироқ, у эндигина уч ёшга кирганида отаси вафот этиб, улар акаси Одил билан онаси Ойишахонимнинг қарамоғида улғаядилар.
1906 йил Ҳайдар 8 ёшга тўлганида онаси уни маҳалладаги Икромхон домланинг мактабига ўқишга олиб боради. У Икромхон домладан беш йил давомида таълим олади. Шундан сўнг ҳунар ўрганиш мақсадида Қосим этикдўзга шогирд тушади.
1912–1917 йилларда акаси билан қурилиш ишларида ишлаб, Тошкентда ҳозирги кунга қадар мавжуд бўлган биноларни қуриш ишида иштирок этади.
1918 йил Тошкентда “Намуна”, “Ватан”, “Урфон” каби бир қатор мактаблар очилади. Улардан бири Саид афанди (Саид Аҳрорий)нинг “Ватан” мактаби бўлиб, унинг қошида 6 ойлик “Изчилар тўдаси” ўқитувчилар курси ҳам ташкил этилади.
“Изчилар тўдаси”нинг дастлабки 150 нафар атрофидаги тингловчилари орасида Ҳайдар Салимов ҳам бор эди. Саид афанди курсда “Ўзбек тили” ва “Низом асослари” фанидан дарс берарди. 1919 йил Ҳайдар Салимов курсни тугатиши билан Саид афандига ёрдамчи бўлиб ишга киради.
1919–1920 йилларда Саид Аҳрорий Файзулла Хўжаевнинг шахсий котиби бўлиб, “Ёш бухороликлар”нинг “Учқун” газетасига ҳам раҳбарлик қилар эди. Ҳайдар Салимов эса бу газетада экспедитор лавозимида ишлайди. 1920 йил Бухорода амир ҳокимияти ағдарилганидан сўнг Тошкентдан кўплаб ёшлар қаторида Ҳайдар Салимов ҳам Бухорога ишга юборилади.
У яна Саид Афандига ёрдамчи бўлиб, бу гал “Бухоро Ахбори” газетасига экспедитор бўлиб ишга кирди. Ҳайдар Салимов Бухорода компартияга киради ва ЧКда терговчи вазифасига тайинланади.
У 1922–1924 йиллар Тошкент шаҳрида милиция ходими, 1926 йилдан Янгийўл туманида милиция бошлиғи, 1927 йилдан Бекобод тумани милиция бўлимида жиноят қидирув ходими сифатида иш олиб боради.
1928 йилда Тошкент шаҳар партия қўмитаси уни чақириб олиб, колхоз қурилишига тортади. Ҳамид Салимов Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманига колхоз раиси этиб тайинланади. У ерда 1932 йилгача ишлаб, ўз хоҳиши билан ишдан кетади.
Ҳамид Салимов 1932–1941 йилларда турли хўжалик ташкилотларида фаолият олиб борди. Жумладан, Андижон вилояти, Асака шаҳридаги пахта заводида директор ўринбосари, Макарон заводида директор, 2-Тошкент пиво заводида директор ўринбосари ва бошқа идораларда масъул лавозимларда ишлади. 1941 йил декабрдан 1942 йил августгача Қизил армияда хизмат қилди. У 1950 йил декабригача 225-санитар поездида оддий аскар бўлиб ишлаган ва шундан сўнг ишдан ҳайдалади...
У ПАРТБИЛЕТИНИ БОЗОРДА ОШКОРА ЙИРТИБ ТАШЛАГАН
Саидакбар Маҳмудхўжаев 1920 йилда Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги “Қурувчилар иттифоқи”дан компартия сафига кирди. У 1923 йилда милицияга ишга олинди ва 1926 йилдан Паркент туман партия котиби, сўнг Янгийўл тумани халқ суди раиси этиб тайинланди.
Кейинчалик Термиз шаҳридаги пахта заводида партия котиби, Сурхондарё вилоятида назорат комиссияси раиси, Денов туманида ижроқўм раиси бўлди.
1935 йилдан Хоразм вилоятида, сўнг Манғит тумани партия қўмитаси котиби, Самарқанд вилояти Ғаллаорол туманида ижроқўм раиси лавозимларида иш олиб борди.
У 1941–1946 йилларда Тошкент шаҳри, Сталин тумани ёнғинга қарши кураш бригадасида бўлинма командири бўлади. Урушдан кейин Тошкент вилояти, Бўка тумани, Ленин колхозида раис ўринбосари ва партия ташкилотчиси бўлди. 1947 йилда у ишдан ҳайдалиб, унинг барча иш стажи бекор қилинади. Шундан сўнг Саидакбар Маҳмудхўжаев партияга ҳам, унинг идорасига ҳам бормайди.
Айбловда ёзилишича, у партбилетини бозорда ошкора тарзда йиртиб ташлаган. Саидакбар Маҳмудхўжаев 1950 йил сентябргача Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги қурилиш бригадасида ишчи бўлиб ишлади. Сўнг у ердан ҳам ўзига номаълум сабабларга кўра ишдан кетишга мажбур бўлди...
“МЕН ЎЗИМНИ ЎЗБЕК ДЕБ УЛҒАЙДИМ...”
Сўнг у ота касби ҳунармандчилик билан шуғулланди. Бироқ, 1927–1928 йилларда совет солиқ сиёсати туфайли ўз дўконини ёпишга мажбур бўлади ва советларнинг “Қизил текстилчи” артелига оддий ишчи бўлиб ишга киради. У ҳам 1947 йил ҳеч бир асоси кўрсатилмасдан ишдан ҳайдалади...
1882 йил туғилган Соҳиб Назарбоевнинг отаси немис миллатига мансуб Мехлисон деган киши эди. У подшо амалдорларидан бўлиб, Андижонда ер ўлчовчи бўлиб ишлаган. Мехлисон эътиқод билан боғлиқ муаммо туфайли Андижондан Петербургга чақириб олинади, қайтишига эса рухсат этилмайди.
Онаси Сорабиби Ҳайитбоева гўдаги Соҳибжон билан ноилож отасиникига Наманганга қайтиб келади ва Назарбой исмли котибга эрга тегади. Назарбой Соҳибжонни ўзига ўғил қилиб олади ва унга ўз фамилиясини беради. Бироқ, Назарбой кўп ўтмай вафот этади. Шундан сўнг Сорабиби андижонлик машҳур миллионер Миркомил Мирмўминбоевнинг ходимларидан Миршариф Миржумабоевга эрга тегади ва улар шу тариқа Андижонда яшаб қоладилар.
Соҳиб Назарбоев 1900 йилгача эски мактабда таълим олди. У 1908 йилгача Назар аминга мирза, 1908–1916 йилларда эса Андижон шаҳрининг Тегирмонтош мавзесидаги рус-тузем мактабида ўзбек тили ўқитувчиси бўлиб ишлади.
1916 йилнинг сўнгида у ишлаётган рус-тузем мактабига Андижон шаҳар маориф инспектори Кузнецов ва Туркистон маорифи бош инспектори Остроумовлар келиб, мактаб фаолиятини текширадилар.
Бир неча кундан сўнг Кузнецов Соҳиб Назарбоевни ўз уйига чақиради ва қисқа суҳбатдан сўнг унга ўзи билан ҳамкорликда ишлашни таклиф этади.
Кузнецов унга мактабдаги мусулмон ўқувчилари орасидан сиёсий жиҳатдан ишончсизларини аниқлаш вазифасини топширади. Шунингдек, Соҳиб Назарбоевга ўқувчиларнинг кайфиятини ўрганишини ва шу ҳақида Кузнецовга ахборот етказиб туриши кераклигини тайинлайди.
Кузнецов бу махфий хизматни унга шахсан Туркистон маорифи бош инспектори Остроумов томонидан топширилаётганини айтиб, Соҳиб Назарбоевнинг асл отасининг ҳам мусулмон бўлмаганига шаъма қилишади.
Соҳиб Назарбоев эса бу ғаразли таклифга рози бўлмайди ва у “Ҳа, менинг отам балки, бошқа миллатдандир. Лекин, мен уни танимайман. Мен ўзимни ўзбек деб улғайдим ва Назарбойни ўз отам деб биламан. Мен ҳеч қачон ўз миллатимга хиёнат қила олмайман”, дейди.
Топшириқни рад этиши билан Андижон маориф бўлими Соҳиб Назарбоевни таълим тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этади. Натижада у 1916–1917 йилларда ишсиз қолади.
1917 йил 17 июлда “Шўрои Ислом” ташкилотининг ташаббуси билан Андижонда Европа миллатлари вакилларининг депутатлар совети қошида “Мусулмон депутатлари совети”нинг маҳаллий бўлими ташкил этилади.
Соҳиб Назарбоев 1918 йил бошидан 11 августгача Арипов, Атажонов, Раҳматов, Атабеков, Ҳайдарҳожиев, Ризабаевлар билан мазкур ташкилотда фаолият кўрсатади.
Шунингдек, у 1918 йил 15 майдан 15 июлгача Андижон вилоятининг ижроия қўмитасида миллатлар иши бўйича комиссар ёрдамчиси вазифасини бажаради.
Бироқ, ЧК 1919 йилнинг сўнгида “Муссовдеп”нинг халқ олдидаги обрўси ортиб боришига қарши унинг барча аъзоларини қамоққа олади. Уларни узоқ вақт қамоқда сақлашади, аммо сабабини айтмасдан ҳеч бир терговсиз барчасини қўйиб юборишади.
Соҳиб Назарбоев 1922–1924 йилларда Андижон туман маориф бошқармасининг молия бўлимида, 1924–1926 йилларда Андижон бирлашган профсоюзида ходим, 1926–1928 йилларда кассир, 1928–1930 йилларда селхозбанкда ревизор, 1930–1932 йилларда Андижон шаҳар молия бўлимида котиб лавозимларида ишлайди.
У 1934 йил Тошкентга келиб, дастлаб “Қизил деҳқон”, “Қизил Юлдуз” колхозларида ҳисобчи, сўнг 1934 йил ноябрдан 1948 йилгача давлат Киностудия идорасида ҳисобчи, 1951 йил 28 февралгача эса “Прогресс” артелида қоровул бўлиб ишлаган...
“ҚОДИРИЙ БУ РОМАННИ ЙИҒЛАБ БИТГАН...”
Унга дастлаб “Изчилар тўдаси”, сўнг аксилинқилобий “Миллий иттиҳод” ташкилотларининг аъзоси бўлган, 1948 йилда Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаевларни қўмсаб, аксилинқилобий гуруҳ тузган деб айблашади.
Унинг анкетасида хотини Қиймат Салимова (1909) ва фарзандлари Лойиҳа (1932), Эркин (1938), Баҳодир (1940), Бахтиёр (1944), Нигора (1947)лар номи кўрсатилган. 27 февраль куни тинтув вақтида унга тегишли паспорт, ҳужжатлар ва бошқа мулкларини хатлаб олиб кетдилар.
1951 йил 5 июн куни сўроқда Ҳайдар Салимов ўзи иштирок этган “аксилинқилобий гуруҳ” фаолияти ҳақида тўхталиб: 1948–1949 йилларда биз Саидакбар Маҳмудхўжаевнинг уйида Мулла Қўчқор Ҳайитов, Тўйчи Мақсудов, Собир Солиҳов, Абдукарим Абдумўминов ва бошқалар билан Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” китобини ўқиган эдик. Ҳақиқатан Абдулла Қодирий ва бошқа қатағон этилган кишилар ўзбекнинг миллий ғурури ва халқимизнинг энг яхши инсонлари эдилар. Пирмат Холматовнинг уйидаги ўқишларда йиғиндагилар Абдулла Қодирий ўз асарида ўзбек тили имкониятларини, миллат характерини оча олгани, ҳаёт ҳақиқатини ёзганини айтдилар. Ҳозирда ўқишга бир яхши китоб топилмаслигини, янги асарларнинг кўпчилиги савиясиз, уларни Абдулла Қодирий асари билан солиштириб ҳам бўлмайди, дедилар.
Пирмат Холматов: “Қодирий бу романда халқимизнинг аччиқ тақдирини йиғлаб битган экан. Асарда инсонларнинг бир-бирини тушуниши, юрт ва миллатни севиш бор. Миллий тарбия бор” деган эди. Гапимизга 1950 йилда Соҳиб Назарбоев ҳам кирганди. Биз йилда бир икки тўпланар эдик. Қатағон этилган Файзулла Хўжаев ва бошқа адабиёт ва санъат ходимлари ноҳақ йўқ қилинмаганида, улар миллатимиз камолотига, адабиёт ва санъат равнақига беқиёс хизмат этган бўлардилар деган гап бўлганди. Шу сўзлардан сўнг ҳаммамиз уларни эслаб, соғиниб йиғлаган эдик, деб ёзади.
ТЕРГОВЧИ: “ЎТГАН КУНЛАР”НИ ҚАЕРДАН ОЛДИЛАРИНГ?
1951 йил 6 июнь сўроқда терговчи томонидан “эски диний, миллатчилик китоби” деб таърифланган “Ўтган кунлар”ни қаердан олдиларинг, деган саволига "Китобни Пирмат Холматов келтирарди, қаердан топганини билмайман. Лекин, биз китобни ўқигандан сўнг суҳбатларда кўпроқ ёшларнинг миллий қадриятлардан бенасиб улғаяётгани, бу эса миллатнинг ўзлигини унутишига қаратилган ғаразли мақсадга йўналтирилганидан ташвишланар эдик. Совет тузуми халқни хўрлаб юборди, меҳнаткашларнинг ҳаёти чор замонасидан ҳам оғир аҳволга тушиб қолди. Шунингдек, советлар давлати ишчилар ҳукумати эмиш, уларнинг орасида бирорта ишчининг ўзи йўқ-ку, совет сайловларининг ҳам бари соҳтагарчилик, ортиқча харажатдан бошқа нарса эмас, деган гаплар ҳам бўлган эди", деб ёзади.1951 йил 27 февраль куни Ўзбекистон ССР Фанлар Академияси ишчиси Саидакбар Маҳмудхўжаевни қамоққа олиш учун ҳам ордер ёзилди. Унга тегишли Тошкент шаҳри, Москва тумани, 5 декабрь кўчаси, 128-уйда тинтув ўтказилди. Унга Акмал Икромов ва унинг акаси Карим қори ва поччаси Алимов Қосимқорилар билан яқин алоқада бўлган, 1948 йилдан СССРдаги тузумга қарши гапира бошлаган деган айблар қўйилди.
Саидакбар Маҳмудхўжаевнинг анкетасига кўра, унинг оиласи хотини Момохол Маҳмудхўжаева (1914), қизлари Манзура (1936) ва Маҳбуба (1945)лардан иборат бўлган.
1951 йил 22 май куни сўроқда Пирмат Холматов: "1949 йил қишида меникига Ғуломқодир Ҳожиев келди. У 1937–1938 йилдаги совет қатағон сиёсатининг нақадар разилона ташкил этилгани айтиб, ўзининг ҳеч бир айбсиз 10 йилга МТЛга ҳукм этилгани ва чеккан азоб-уқубатларини йиғлаб-йиғлаб гапирарди. Лагердаги ноинсоний таҳқирлар ва муқаррар ўлимдан тирик қайтганидан сўзларди", дейди.
“МЕВА ЎРАЙСИЗ, ОЛИНГ”
Пирмат Холматов терговчининг “Нега китобни уйингда сақладинг?” деган саволига “Мен унга қандай қилиб мева ўрайман. Мен уни авайлаб асрадим. Чунки, мен уни яхши кўраман. Ахир у ҳозирги ўзбек адабиётининг тенгсиз мўъжизаси, шоҳ асарларидан-ку. Уни йўқ қилиш мумкин эмас”, деб жавоб беради.
Соҳиб Назарбоев ҳам Андижондаги “Миллий Иттиҳод” аксил инқилобий ташкилотининг аъзоси деб қамоққа олинган эди. У 1951 йил март-июль ойларида ўтказилган тинимсиз сўроқларда ўзига қўйилган барча айбларни рад этади.
1951 йил 29-30-31 август кунлари Тошкент вилоят судида Ҳайдар Салимов, Саидакбар Маҳмудхўжаев ва Пирмат Холматовлар ўзларига қўйилган айбга қисман иқрор бўладилар. Соҳиб Назарбоев эса мутлақ рад этади ва терговда “Мени ёзилган нарсаларга ўқимасдан имзо чекишга мажбур қилишди” дейди.
Шунингдек, судда Арпапоя кўчаси 79-уйда яшовчи 80 ёшли гувоҳ Тўйчи Мақсуцов: “...Мен ёзишни билмайман, дедим. Терговчига икки оғиз гап айтсам, у нималарнидир роса ёзди. У ерда нималарни ёзганини билмайман, ўзим ўқий олмайман. Имзолашимни сўради, имзолаб кетдим. Лекин, Ҳайдар Салимовни ҳам Пирмат Холматовни ҳам уларнинг оталарини ҳам яхши биламан, улар ҳалол, меҳнаткаш инсонлар эдилар”, дейди.
ҲУКМ ЎЗ КУЧИДА ҚОЛДИРИЛДИ
Гувоҳлар ўзларига нисбатан тергов жараёнида босим бўлганини айтиб, ўз кўрсатмаларидан воз кечдилар. НКВД ходимлари эса буни ўзларининг ўзбек тилини билувчи терговчиларининг йўқлиги билан изоҳлашди. Прокурор: “улар совет ёзувчиларини халқнинг ҳақиқий аҳволи билан иши йўқ, лаганбардорлар, совет солиқ тизими ноҳақ деганлар. Шунинг учун айбланувчиларга Ўзбекистон ССР Жиноят Кодексининг 66, 67-моддаларини қўллаб, 25 йиллик қамоқ жазосини тайинлаш керак” , дейди.
Судда адвокатларнинг қарамоғида 5 нафар фарзанди бўлган Ҳайдар Салимовга, 70 ёшдан ошган Соҳиб Назарбоевларга нисбатан адолат сўрашлари бекорга кетди. Ноҳақ жазо муқаррар эди. 1951 йил 1 сентябрь куни суд ҳукми эълон қилинди. Унда Салимов, Холматов, Маҳмудхўжаевлар 25 йилга, Назарбоев 10 йиллик қамоққа ҳукм этилди.
Назарбоев 3 сентябрда, қолганлар 4 сентябрь куни ўзларининг норозилик шикоятларини ёзишдилар. Бироқ, 1951 йил 25 сентябрь куни ўтказилган ёпиқ судга айбланувчилардан ташқари ҳеч ким киритилмади. Судда асосий эътибор улар томонидан “Ўтган кунлар”ни ўқилган ўқилмаганлигига қаратилди ва судланувчилар ўқиганларини тан олишгач, ҳукм тўлиқ ўз кучида қолдирилди.
1952 йил 8 август куни Соҳиб Назарбоев жазони ижро этиш даврида вафот этди. 1955 йил 9 июн куни Ўзбекистон ССР Олий суди қарори билан Ҳ.Салимов, С.Маҳмудхўжаев, С.Назарбоев ва П.Холматовлар оқландилар. 1961 йил 17 февралдан Ўзбекистон ССР Олий судининг махсус қарори асосида улар тўлиқ қатағон сиёсати жабрдийдаси сифатида тан олинди.
Хуллас, советча таъбир билан айтганда, “шахсга сиғиниш” фош этилиши оқибатида китобхон дўстлар озод бўлди. Улар умрларининг қолган қисмини оилалари бағрида ўтказди. Фарзандлари униб улғайишди, элу халқ корига ярайдиган инсонлар бўлиб етишдилар. Бироқ, бу аянчли воқеликлар совет мамлакатининг маърифатга муносабати намунаси бўлиб тарихда қолди.
Баҳром ИРЗАЕВ,
“Қатағон қурбонлари хотираси”
музейининг катта илмий ходими
(“Тарихнинг номаълум саҳифалари” китобидан олинди)