Қўл жанги усталари Тошкентда беллашмоқда
Пойтахтимиздаги “Универсал” спорт саройида қўл жанги бўйича Ўзбекистон чемпионати бошланди.
Пойтахтимиздаги “Универсал” спорт саройида қўл жанги бўйича Ўзбекистон чемпионати бошланди.
Мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 900 га яқин спортчи иштирок этмоқда.

Чемпионат очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом инсон этиб тарбиялаш, Ватанимиз обрўсини, халқимиз ғурур-ифтихорини янада юксалтиришнинг муҳим омили бўлган спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Маросимда Ўзбекистон қўл жанги федерацияси томонидан фахрий спортчилар, устозлар ва фидойи мураббийлар тақдирланди.

– Мусобақа иштирокчилари юқори тайёргарлик кўрганини дастлабки баҳсларда кўрдик. Айниқса Наманган, Жиззах, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистондан келган спортчилар ўртасидаги рақобат кескин ва муросасиз ўтмоқда. Чемпионатдан кўзланган мақсад терма жамоага янги номларни саралашдир, – деди мусобақа ҳаками Ҳусан Эргашев.
Ўзбекистон чемпионатининг дастлабки кунида 16-17 ёшдаги қизлар ўртасида ғолиблар номи аниқ бўлди. Ушбу баҳсларда Дилнавоз Каримова, Гулшода Турғунбоева, Севинч Қўчқорова, Мадина Мамажонова, Севара Саъдуллаева олтин медални қўлга киритди.


