Ўқитувчининг бефарқлиги ёшларнинг келажаги, демакки, юрт келажаги учун қимматга тушиши мумкин
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишини мамлакатимизнинг ҳар бир ўқитувчи ва мураббийси диққат билан кўриб, ўзи учун муҳим вазифаларни белгилаб олди, десам янглишмаган бўламан.
Муносабат
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишини мамлакатимизнинг ҳар бир ўқитувчи ва мураббийси диққат билан кўриб, ўзи учун муҳим вазифаларни белгилаб олди, десам янглишмаган бўламан.
Бу йиғилишнинг янги ўқув йили олдидан ташкил этилгани педагоглар учун айни муддао бўлди. Негаки, унда соҳага доир муаммоларнинг илдизи рўй-рост кўрсатиб берилиши билан бирга устоз ва мураббийлар зиммасидаги вазифалар нималардан иборат экани хусусида ҳам батафсил ва атрофлича сўз юритилди.
Ўқитишнинг ҳеч бир тизими давлатимиз раҳбарининг назари ва эътиборидан четда қолмаётгани ёш авлод келажаги йўлидаги амалий ғамхўрликдан дарак беради. Ўтган йиллар мобайнида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Умумий ўрта таълим тубдан ислоҳ этилмоқда. Олий таълимдаги муаммолар борича айтилмоқда. Уларни бартараф этиш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда. Ўтган уч йил давомида кечаётган ва илгари мисли кўрилмаган ўзгаришлар кенг жамоатчилик, оддий одамлар, ўқитувчилар, ёшларнинг фикрлари, таклиф ва тавсиялари асосида амалга оширилаётгани бу ислоҳотларнинг нечоғли халқчил ва инсонпарвар эканини яққол намоён этмоқда.
Ўқитувчилик касби азалдан юртимизда энг ардоқли ва шарафли касб саналган. Бироқ педагогларни тааллуқли бўлмаган турли юмушларга, айниқса, кўча супуриш, ишга туширилаётган янги объектларни саранжом-саришта ҳолатга келтириш, жойларни ободонлаштиришга жалб этиш, элда тузукроқ ҳам танилиб улгурмаган хонандаларнинг концертларига мажбуран билетларни сотиш ва бошқа кўплаб ҳолатлар айрим ёшларимизни бу касбдан бездиргани бор гап. Давлатимиз раҳбари таълимни сифат ва мазмунан юксалтиришга эътибор қаратгани баробарида ана шундай кўнгилсиз ҳолатларга ҳам тўлиқ барҳам берди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш учун кўплаб ихтисослаштирилган мактаблар, мактаб-интернатлар ташкил этилмоқда. Ўқитувчининг касбий мақоми ва нуфузини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Уларнинг меҳнати фаол қўллаб-қувватланмоқда. Ойлик ва устамалар, қўшимча имтиёзлар яратилмоқда. Педагоглар наинки ободонлаштириш ишлари, балки ишга дахли бўлмаган ортиқча ёзув-чизувлардан ҳам озод қилинмоқда.
Бироқ кечаги йиғилиш биз – ўқитувчилар ўз устимизда тобора кўпроқ ишлашимиз, интилишимиз, қайси фан ўқитувчиси бўлмайлик, энг аввало, ёшлар тарбиясига жиддий ёндашишимиз кераклигини яна бир бор кўрсатди. Рости, дарсга ҳаминқадар, номига тайёрланиб, машғулот давомида белгиланган мавзуни ўқувчиларга наридан бери тушунтирган бўлиб, “менинг вазифам фақат дарс ўтиш, у ёғи билан ишим йўқ“ қабилида йўл тутадиган ҳамкасбларимиз ҳам афсуски бор. Ўқитувчиннинг бефарқлиги эса ёшларнинг келажаги, демакки, юрт келажаги учун қимматга тушиши мумкин.
Таассуфки, айрим ота-оналар онгида ҳам фарзандини фақат мактаб, ўқитувчи тарбиялаши керак, деган нотўғри тушунча шаклланиб қолган. Бугунги шиддатли глобализация замонида, интернет барча ерга бориб улгурган, ахборот технологиялари ҳаётимизнинг таркибий қисмига айланган мураккаб даврда болаларнинг тарбияси, уларнинг маънавияти, ахлоқий қарашларини асраб-авайлаш, тўғри шакллантириш ғоят муҳим ва мураккаб вазифага айлангани ҳеч кимга сир эмас.
Назаримда бугунги кунда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган тамойилга асосланган ҳолда, қайси фан ўқитувчиси бўлишдан қатъи назар, ўз фаолиятини айни тамойил асосида ташкил этиш, йўлга қўйиш давр талабига айланди. Сабаби ёш авлодни болаликдан миллий ғурур ва ватанпарварлик, юрт тақдирига фидойилик руҳида тарбиялаш ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда.
Хорижий тиллар бўйича ёки математика, география, жисмоний тарбия, қайси предмет бўлмасин, болаларда ўзи туғилиб ўсган юртга чексиз муҳаббат, шу табаррук заминга чексиз эҳтиром, ҳалоллик, одоб, Ватанга, ота-онага, миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини мустаҳкам қарор топтириш – энг аввало ўқитувчининг бирламчи вазифаси эканини дилдан англадик.
Юртимизда азалдан таълим ва тарбия эгиз, маънавиятнинг, одоб-ахлоқнинг, инсонийликнинг яхлитлигини ташкил этувчи тушунчалар саналган. Мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона “Тарбия” фанини жорий қилишга оид ташаббус улғайиб келаётган авлодни теран тафаккурли, юксак маънавиятли, соғлом дунёқарашга эга бўлган шахс этиб тарбиялашдек улуғвор мақсадларни кўзлаши билан қадрлидир.
Болаларнинг бегонаси бўлмайди. Улар – шу юртнинг эртанги куни, унинг чинакам эгалари. Уларнинг тарбиясига доир масъулиятли ишга педагоглар, ота-оналар, мактаб жамоаси қўлни қўлга бериб киришсагина, кутилган ижобий натижага эришиш мумкин. Президентимизнинг таълим соҳасига доир қимматли фикрларидан наинки таълимга алоқадор вазирлик ва идоралар, балки ҳар бир оддий ўқитувчи ўзи учун аниқ хулосалар, ишга янада масъулият билан ёндашиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олмоқда. Зеро, таълим-тарбия соҳасига қаратилаётган бугунги эътибор юртнинг эртанги куни қандай бўлишини белгиловчи асосий омил эканини даврнинг ўзи кўрсатиб бўлган.
Наргиза ИСЛОМОВА,
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги
313-мактаб ўқитувчиси.