Ҳамкорликнинг кўлами кенгаймоқда
Ўзбекистон – Россия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари йилдан йилга мустаҳкамланиб бормоқда.
Ўзбекистон-Россия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари йилдан йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, кейинги йилларда республикамиз вилоятлари ва Россия Федерацияси ҳудудлари билан ўрнатилган ҳамкорлик иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни изчил ривожлантиришга хизмат қилаётир.

Самарқанд вилояти ҳам бугунги кунда Татаристон Республикаси билан турли соҳаларда икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйган.
Жорий йилнинг 15-19 май кунлари юртимизда ўтказилган Челябинск вилояти кунлари доирасида ушбу вилоят раҳбарлари Самарқандга келиб, металлургия ва машинасозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди.
Бугунги кунда Самарқанд вилоятида россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 43 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш, металлургия, қурилиш, туризм, савдо ва хизмат кўрсатиш, тўқимачилик, маиший техникалар ишлаб чиқариш ва коммуникация хизматлари кўрсатиш билан шуғулланаётир.
2017 йилда Самарқанд вилояти ва Россия Федерацияси ўртасидаги товар айланмаси 152 миллион 848,8 минг долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 8 ойида бу кўрсаткич 142 миллион 795 минг долларга етди. Шунингдек, айни пайтда вилоятда Россия компанияларининг 15 миллион 773 минг долларлик капитали эвазига 5 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

Самарқанд шаҳридаги “EMZ KOMMUNALNIK” масъулияти чекланган жамияти рус ишбилармонлари таъсисчилигида ташкил этилган корхоналардан бири ҳисобланади. Бу ерда турли ҳажмдаги қозонхоналар ишлаб чиқарилмоқда.
– Корхонамизда тайёрланаётган замонавий иситиш ускуналари газ, кўмир ва ўтинга мослаштирилган, – дейди жамият раҳбари Баҳодир Қиямов. – Улардан аҳоли хонадонлари, корхона ва ташкилотлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, кўп қаватли уйларда кенг фойдаланилмоқда. Ўтган йили 1 миллиард 400 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, буюртмачиларга етказиб бердик. Бу йил ушбу кўрсаткични ошириш режалаштирилган.
Жамият қошида ташкил этилган “Call center” хизмати орқали юртдошларимиз ва россиялик фуқароларга йил бошидан буён 159 минг долларлик хизмат кўрсатилди.
Самарқанднинг Россия ҳудудлари билан ҳамкорлиги илм-фан, маданият, туризм соҳаларида ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Жумладан, шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистон – Россия ёшлари иккинчи форуми доирасида Самарқандда “Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида ёшлар туризмини ривожлантириш масалалари ва истиқболлари” мавзуида давра суҳбати ўтказилиб, мазкур соҳада биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар муҳокама этилган эди. Яқинда Самарқанд вилояти ёшлари Россияда ташкил этилган навбатдаги форумда иштирок этиб келди.
Шунингдек, октябрь ойи бошида Татаристон Республикаси “Қозон” ашула ва рақс ансамблининг юртимизга гастрол сафари давомида Самарқандда ҳам ўз дастурини намойиш этгани кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди.