Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиалида инсонпарварлик ва олижаноблик руҳида ўтказилган муҳим тадбир – “Мен донор” деб номланган хайрия акцияси бўлиб ўтди. Тадбир Республика қон қуйиш маркази ва унинг Сирдарё вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ушбу акцияда филиалнинг профессор-ўқитувчилари, техник ходим ва талабалари фаол иштирок этиб, донор сифатида қон топшириш орқали эҳтиёжманд инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга ўз ҳиссаларини қўшишди.

Акция давомида донорликнинг аҳамияти, унинг инсон саломатлигига ижобий таъсири ҳамда жамиятда тутган ўрни ҳақида тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди. Тадбирда иштирок этган ёшлар ушбу хайрли иш орқали масъулият ва бағрикенглик туйғуларини янада чуқур ҳис қилдилар.

– Донорлик нафақат тиббий, балки маънавий жиҳатдан ҳам олий қадрият ҳисобланади. Бу инсон ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган амалий жасоратдир, – дейди акция иштирокчиларидан бири, филиал талабаси Икромжон Баҳодиров.

Бундай тадбирлар ёшларда аҳиллик, ҳамдардлик, инсонийлик каби фазилатларни тарғиб этиш, жамиятда донорлик маданиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири